Ўзбекистон | 11:01 / 28.02.2024
14454
2 дақиқада ўқилади

Бухорода адвокат 100 минг доллар олаётган вақтида ушланди

ДХХ Бухоро шаҳрида адвокатлик бюроси адвокатини тадбиркордан жиноят иши доирасида прокуратурадаги танишлари орқали енгиллик яратиб бериш эвазига 100 минг олган вақтида ашёвий далиллар билан ушлади.

Фото: Видеодан кадр

Давлат хавфсизлик хизмати томонидан ҳудудларда адвокат, транспорт бошқармаси бош мутахассиси ва ҳокимлик ходимининг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди.

Давлат хавфсизлик хизматининг Бухоро вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, Бухоро шаҳридаги адвокатлик бюроси адвокати, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди билан қўзғатилган жиноят иши доирасида, прокуратура органларидаги мансабдор танишлари орқали енгиллик яратиб бериш эвазига 100 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Давлат хавфсизлик хизматининг Жиззах вилояти бўйича бошқармаси ва Ички ишлар вазирлигининг Жиззах вилояти Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, вилоят Транспорт бошқармасининг Тендерлар ўтказиш бўлими бош мутахассиси Фориш туманида йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи хусусий корхонага давлат томонидан берилган ISUZU автобусини сотиш ҳуқуқи бўлмаса-да, жисмоний шахсга 6,6 минг АҚШ долларига сотган вақтида ушланди. 

Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, Чиноз тумани ҳокимлиги ходими тумандаги кам таъминланган оилаларга имтиёзли кредит асосида берилган уйлардан бирининг эгасини хабардорлигисиз, у кредит тўловларини амалга оширмаётганлигини рўкач қилиб, ушбу хонадонни банк балансига қайтариш орқали, бошқа бир фуқаро номига эгалик ҳуқуқини берувчи қарор чиқартириб, кредит расмийлаштириб бериш эвазига 6 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид