Жаҳон | 09:04 / 29.02.2024
8583
4 дақиқада ўқилади

Арманистон ва Озарбойжон Берлинда тинчлик музокараларини бошлади

Пашинян ва Алиевнинг Мюнхендаги учрашувидан икки ҳафта ўтиб Германияда Арманистон ва Озарбойжон ташқи ишлар вазирлари ўртасида музокаралар бўлиб ўтмоқда. Бербок икки давлатнинг дадил қадамлари ҳақида эълон қилди. 

Фото: Thomas Trutschel/photothek/IMAGO

Германия ҳукумати таклифига биноан Арманистон ва Озарбойжон Берлинда тинчлик музокараларини бошлади. 28 феврал, чоршанба куни Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Тоғли Қорабоғ бўйича ўнлаб йиллар давом этган можарони ҳал қилиш саъй-ҳаракатлари доирасида икки давлат ташқи ишлар вазирлари Арарат Мирзоян ва Жейҳун Байрамовни қабул қилди

Бербок: Барқарор тинчлик ўрнатиш имконияти мавжуд 

Энди минтақада мустаҳкам тинчлик ўрнатиш имконияти бор, деди Бербок. Ҳар икки томон аллақачон ўтмишни орқада қолдириш учун дадил қадамлар ташлади, деди у. «Сизни ва ҳукуматларингизни ушбу мақсадга эришиш учун кўрсатаётган жасоратингиз учун олқишлайман», деди у арманистонлик ва озарбойжонлик ҳамкасбларига. Икки кунлик музокараларни очар экан, Бербок олдинга силжиш «ҳақиқий мажбурият ва қатъият»ни талаб қилишини ва икки Кавказ давлати ўртасида келишувга эришиш «ҳар икки давлат чегарасидан ташқарида ҳам ижобий таъсир кўрсатишини» ҳамда «Жанубий Кавказда келажак ва фаровонликка яхшироқ йўл очишини» таъкидлади.

Германия ташқи ишлар вазири, шунингдек, Берлиндаги музокаралар Мюнхенда икки ҳафта аввал бошланган «самарали музокаралар»ни давом эттириши кераклигини таъкидлади. У, шунингдек, Берлин музокараларда «олға ҳаракат қилиш учун мос платформа» таклиф қилмоқчи эканлигини таъкидлади. Германия Ташқи ишлар вазирлиги музокаралар бошланишидан олдин «Германия Арманистон ва Озарбойжон ўртасидаги ҳал этилмаган масалалар тинч йўл билан ва куч ишлатмасдан ҳал қилинишини таъминлаш учун уринмоқда», дея баёнот берди.

Берлиндаги тинчлик музокаралари бўйича келишувга Германия канцлери Олаф Шолц, Арманистон бош вазири Никол Пашинян ва Озарбойжон президенти Илҳом Алиевнинг феврал ойи ўрталарида Мюнхен хавфсизлик конференциясида бўлиб ўтган учрашувида эришилган эди. Унинг натижаларига кўра, Шолц Ереван ва Боку ўзаро келишмовчиликларни зўравонлик ишлатмасдан ҳал қилишга тайёр эканини айтди. У ҳар икки томоннинг мавжуд келишмовчиликларни ва очиқ муаммоларни «фақат тинч йўл билан ва зўравонлик ишлатмасдан» ҳал этишга тайёрлигини маъқуллади.

Тоғли Қорабоғ бўйича можаро 

Тоғли Қорабоғ Озарбойжоннинг исёнкор ҳудуди бўлиб, яқин вақтгача асосан этник арманлар истиқомат қилган. 1991 йил 2 сентябрда Тоғли Қорабоғ автоном вилояти ва Озарбойжон ССРга туташ ҳудудларнинг бир қисми чегараларида «Тоғли Қорабоғ Республикаси» эълон қилинди. Уни БМТга аъзо бирорта давлат тан олмаган. Ўшандан бери Тоғли Қорабоғ атрофидаги можаро тўхтагани йўқ. У бир неча бор қуролли тўқнашувлар ва кенг кўламли ҳарбий ҳаракатларга айланди (1992-1994 ва 2020). 

2023 йил 19 сентябрда Озарбойжон конституциявий тузумни тиклаш мақсадида Тоғли Қорабоғда «маҳаллий аксилтеррор тадбирлари» ўтказилишини эълон қилди. Эртаси куни ўт очишни тўхтатиш тўғрисида келишиб олинди. Унинг шартларидан бири Тоғли Қорабоғ армиясини қуролсизлантириш ва арман ҳарбийларини тан олинмаган республикадан олиб чиқиб кетиш эди. Бокунинг Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий амалиёти натижасида унинг деярли бутун арман аҳолиси минтақани тарк этди. 

2023 йил декабрида Арманистон ва Озарбойжон «суверенитет ва ҳудудий яхлитлик тамойилларини ҳурмат қилиш асосида тинчлик шартномаси тузиш ниятини» тасдиқлади. 2024 йил 1 январда «Тоғли Қорабоғ Республикаси» расман ўз фаолиятини тўхтатди. Можарони ҳал этиш учун сиёсий ирода мавжуд эканига қарамай, вазият кескинлигича қолмоқда. Хусусан, феврал ойи ўрталарида Боку арман томондан ўққа тутилганини, Ереван эса арман постига ҳужум уюштирилгани ҳақида эълон қилди, натижада тўрт арман ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлгани айтилган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид