Шольц: Бундесвер аскарларини Украинага юбормайман
Россиянинг Украинадаги уруши «Россия ва НАТО ўртасидаги урушга» айланиб қолмаслиги керак, деди Германия канцлери Олаф Шолц. Шу сабабли, немис аскарлари Украинага юборилмайди, деб ваъда берди у.
Олаф Шолц ўзи бошчилигидаги Германия ҳукумати немис ҳарбийларини Украинадаги жанговар ҳаракатларда қатнашиш учун юборишни қатъиян рад этганини тасдиқлади. «Германия федерал канцлери сифатида мен Украинага қуролли кучларимиз аскарларини юбормайман», деди Шолц 28 феврал, чоршанба куни кечқурун эълон қилинган видеомурожаатда.
«НАТО бу уруш тарафларидан бири эмас ва бўлмайди ҳам», - деди Шолц Россиянинг Украинага қарши уруши «Россия ва НАТО ўртасидаги урушга айланишини» истамаслигини таъкидлаб. Унинг қўшимча қилишича, Берлиннинг бу борадаги позицияси иттифоқдошлари билан айнан бир хил. «Ва бу шуни англатадики: Германия урушда қатнашмайди!» - деди Олаф Шолц.
Европа ҳозирда Россиянинг Украинага қарши «шафқатсиз уруши»га қарши туриш учун нима қилиш мумкинлигини муҳокама қилмоқда, Германия ҳамкорлари ва иттифоқчилари билан биргаликда Киевга ёрдамни кучайтиради. «Ҳозирда жасур Украина армияси ўқ-дорилар ва қуролларга, айниқса ҳаво ҳужумидан мудофаа учун энг катта эҳтиёжга эга», деб ҳисоблайди Шолц.
Макроннинг Украинага Ғарб аскарларини юбориш эҳтимоли ҳақидаги баёноти
Европа давлатларида Ғарб мамлакатларидан Украинага қўшин юборилиши мумкинлиги ҳақидаги муҳокамага Франция президенти Эммануэл Макроннинг шу мавзудаги резонансли баёноти сабаб бўлди. «Бугун қуруқликдаги қўшинларни (Украинага) расман юбориш масаласида консенсус йўқ, аммо ҳеч нарсани инкор этиб бўлмайди», деди у 26 феврал куни Украинага ёрдам бўйича Парижда бўлиб ўтган саммит якунида.
Мавзуга оид
07:56
Пентагон Украинага ёрдам учун қолган пул миқдорини эълон қилди
21:13 / 12.11.2024
Суджаликлар яна бир бор ўз яқинлари эвакуацияси учун гуманитар йўлак сўради
20:43 / 12.11.2024
НАТО бош котиби Украинадаги можаро «траекториясини» ўзгартиришга чақирди
14:56 / 12.11.2024