09:18 / 03.03.2024
11850

Одессага зарба оқибатида кўп қаватли уй вайрон бўлди. Қурбонлар бор

Шанба куни тонгида россиялик ҳарбийлар дронлар орқали Одесса бўйлаб зарбалар йўллади, натижада кўп қаватли турар жой биноси қисман вайрон бўлган. Маҳаллий расмийларга кўра, камида саккиз киши ҳалок бўлган, шундан икки нафари ёш болалар. Ҳудудни тозалаш ишлари давом эттирилмоқда.

Фото: Украина ФВДХ

Аввалига маҳаллий органлар қурбонлар орасида фақат бир нафар уч ойлик чақалоқ борлигини хабар қилишганди, аммо кейин Одесса полицияси аниқлик киритишича, у уч ёшда бўлган.

Кун охирига келиб Украина ИИВ раҳбари Игор Клименко харобалар остидан бир аёл ва унинг уч ойлик чақалоғи ҳам топилгани ҳақида хабар берди.

«Ҳозиргина Одессада қутқарувчилар она ва уч ойлик чақалоқ жасадига етиб боришди. Сўз билан ифодалаб бўлмайдиган ҳиссиётлар. Қурбонларнинг яқинларига ҳамдардлик билдираман… Россияликларнинг кўп қаватли уйга тунги зарбаси оқибатида ҳалок бўлганлар етти кишига етди», — дея ёзган у.

«Қидирув-қутқарув амалиёти бир дақиқа ҳам тўхтамаяпти ва харобалар остида бошқа ҳеч ким қолмаганига ишонч ҳосил қилингунига қадар давом эттирилади», — дея қўшимча қилган у.

Кейинроқ Украина фавқулодда вазиятлар бўйича давлат хизмати саккизинчи жасад топилгани ҳақида хабар берди. Яна тўққиз киши жароҳатланган.

Фото: EPA

Аввалроқ қутқарув хизматлари ўз телеграм-каналларида харобалар остидаги чақалоқ жасади акс этган фотосуратни эълон қилганди. «Юракларни тилкаловчи фотосурат», — дейилганди хабарда.

Одесса шаҳри мэри Геннадий Труханов қурбонлар орасида яна бир ёш йигит ҳам бўлганини айтган.

«Аҳоли гавжум яшайдиган ҳудуд. Бу ер шунчаки даҳшатли. Қутқарувчилар, муниципал ва авария хизматлари воқеа жойида ишламоқда. Харобаларни тозалаш ишлари амалга оширилмоқда», — деган мэр. — Шунингдек, муҳандислик тармоқлари ва қозонхона шикастланган, яқин атрофдаги уйлар иссиқлик таъминотидан узилган».

Жабрланганлар орасида уч ёшли бола ҳам бор, унинг жароҳати енгил даражада; ҳомиладор аёлнинг жароҳат даражаси ўрта оғирликда, 26 ёшли қиз эса оғир аҳволда, дея хабар берган расмийлар.

Харобалар остида қанча одам қолаётгани ҳақида ҳозирча расмий маълумотлар йўқ.

Одесса области маъмурияти 3 мартни россияликлар зарбаси қурбонлари хотирасига мотам куни деб эълон қилган.

«Ўз яқинларини йўқотганларга чин дилдан ҳамдардлик билдираман», — дея ёзган област маъмурияти раҳбари Олег Кипер ўз телеграм-каналида.

Фото: EPA

Бир неча киши қутқарилган. Камида бир киши харобалар остидан омон чиққан. Қутқарувчиларнинг видеоёзувларидан хулоса қилиш мумкинки, бу эркак маст ҳолатда бўлган; област маъмурияти зарба вақтида у бино ертўласида бўлганини тахмин қилган.

Қидирув амалиёти ва харобаларни тозалаш ишлари давом эттирилмоқда.

Россия томони ҳозирча Одесса ўққа тутилиши юзасидан изоҳ бермаган.

Украина ҚК ҳаво кучларининг эрталабки ҳисоботида айтилишича, шанбага ўтар кечаси Россия Украинага Shahed типидаги 17 та дрон, шунингдек Х-59/Х-35 русумли учта бошқарилувчи авиация ракеталари билан ҳужум уюштирган.

Украин ҳарбийларига кўра, 17 та камикадзе дронлардан 14 тасини уриб туширишга муваффақ бўлинган, шундан Одесса областига учиб келган саккиз қурилмадан еттитасини.

Шаҳар расмийларига кўра, Одессага зарба оқибатида 18 та квартира вайрон бўлган. Фото: EPA

Одессадан ташқари Харкив ва Суми областидаги шаҳарлар ҳам дронлар ҳужумидан жабрланган, деб хабар берган Зеленский. Харкив области полицияси ёзишича, Великий Бурлук посёлкасида дрон зарбаси оқибатида 76 ёшли киши ҳалок бўлган.

«Бизга ҳамкорлардан кўпроқ ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари керак. Одамларимизни Россия терроридан ҳимоялаш учун Украинанинг ҳаво қалқонини мустаҳкамлаш лозим. Кўпроқ ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва бу тизимлар учун кўпроқ ракеталар — одамлар ҳаётини сақлаб қолади», — дея ёзган Украина президенти.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top