Ҳиндистон фуқаролари алдов йўли билан урушда Россия томонида туриб жанг қилишга мажбурланаётганини маълум қилди
Ҳиндистон ташқи ишлар вазирлиги уларни қайтариш учун иш олиб бормоқда.
Ҳиндистоннинг етти нафар фуқароси видеомурожаат эълон қилиб, ўзларини Украинадаги урушда Россия томонида туриб жанг қилишга мажбурлашаётгани тўғрисида айтиб беришди. Видео Ҳиндистондаги NDTV нашри журналисти Ума Судҳирнинг твиттер саҳифасида жойлаштирилган.
Видеода гапирганларнинг айтишича, улар Россияга 2023 йил декабр ойи охирида сайёҳлар сифатида ташриф буюришган. Шундан кейин қайсидир турагент гўёки уларга Беларусга ташриф буюришни таклиф қилган ва улар рози бўлган. «Биз бунинг учун виза кераклигини билмагандик. Биз Беларусга борганимизда, агент биздан пул сўради, пулни бердик, кейин яна пул талаб қилди. У бизни шоссега ташлаб кетди, чунки бизда унга бериш учун бошқа пул қолмаганди», – деган улардан бири.
Шундан кейин Беларусда уларни полиция қўлга олган ва Россия ҳукуматига топширган, россияликлар эса уларни рус тилидаги ҳужжатларни имзолашга мажбур қилган. Ҳиндистонликлар ҳужжатлар матнини тушунмаса ҳам унга ўз имзосини қўйишган.
«Бизни номаълум жойда тахминан уч-тўрт кунга қамаб қўйишди. Кейин бизни ёрдамчи, ҳайдовчи ва ошпаз сифатида ишга ёллаш бўйича шартномаларга қўл қўйишга мажбур қилишди. Агар ҳужжатларга қўл қўймасак, 10 йилга қамаш билан таҳдид қилишди. Шартнома уларнинг тилида эди, биз уни тушунмасдик, аммо қўл қўйдик. Бизни ўқув марказига ёздиришди, кейин алданганимизни тушундик. Улар бизни ўз армияси сафига ёзишганди ва машғулотлар ўтказишди», дейди видеодаги ҳиндистонлик.
Шундан кейин, News 18 нашрига кўра, Ҳиндистон фуқаролари 15 кун давомида ҳарбий тайёргарликдан ўтишган, кейин эса «уруш кетаётган жой»га юборилган.
«Машғулотлардан кейин бизни Украинага олиб келишди, бир қанча дўстларимизни олдинги чизиққа юборишди. Энди бизни ҳам юборишмоқчи. Биз ҳеч қандай урушга тайёр эмасмиз ва ҳатто қурол ушлашни билмаймиз, аммо бизни Украинага қарши жанг қилишга мажбурлашмоқчи. Умид қиламизки, Ҳиндистон ҳукумати бизга ёрдам беради», дея қўшимча қилган мурожаатчи.
Видеони тарқатган журналист Судҳирнинг айтишича, «уларни исталган вақтда ҳарбий ҳаракатлар ҳудудига юборишлари мумкин».
2024 йил феврал ойи охирида Ҳиндистон ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Рандҳир Жайсвал ОАВ учун брифинг чоғида Россия армиясига жалб этилган 20 нафарга яқин фуқаросини ватанга қайтаришга ҳаракат қилаётганини маълум қилганди.
«Биз улар муддатидан олдин ҳарбий хизматдан бўшатилиши учун барча ишни қиламиз... Биз шунингдек фуқароларга ҳарбий ҳаракатлар ҳудудига бормаслик ва оғир аҳволга тушиб қолмасликни тавсия қиламиз. Биз Россия ҳукумати билан алоқадамиз ва қўлимиздан келган барча ишни қиляпмиз», деган у.
The Moscow Times нашри ёзишича, улар Россияга сайёҳлар сифатида эмас, иш излаб келган. Нашр маълумотига кўра, Ҳиндистон фуқароларининг айримлари Москвада фаррош бўлиб ишлаш учун таклиф қилинган, аммо улар мамлакатга келганидан кейин ҳарбий тайёрлаш марказига олиб борилган.
Мавзуга оид
07:56
Пентагон Украинага ёрдам учун қолган пул миқдорини эълон қилди
21:13 / 12.11.2024
Суджаликлар яна бир бор ўз яқинлари эвакуацияси учун гуманитар йўлак сўради
20:43 / 12.11.2024
НАТО бош котиби Украинадаги можаро «траекториясини» ўзгартиришга чақирди
14:56 / 12.11.2024