Жаҳон | 12:47 / 07.03.2024
8619
3 дақиқада ўқилади

CSIS АҚШнинг Россияни тийиб туриш бўйича янги стратегиясини таклиф қилди

Россияни жиловлаш янги стратегиясида Украинадаги уруш, Россия бошқа минтақалардаги таъсири ва Москванинг Пекин билан дўстлиги ҳисобга олиниши керак. 

Фото: Sergei Savostyanov / Sputnik / Reuters

АҚШ Украинадаги уруш ва Москванинг Пекин билан ҳамкорлигини инобатга олган ҳолда Россияни жиловлаш янги стратегиясини ишлаб чиқиши керак. Бундай фикрни Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази (CSIS) таҳлилчилари 6 март, чоршанба куни чоп этилган Foreign Affairs нашри мақоласида билдирган

CSIS Украина мудофааси Европада хавфсизликни таъминлашнинг асосий компоненти, деб ҳисоблайди. Москвани Украинада ушлаб туриш, таҳлилчиларга кўра, фронт чизиғини иложи борича Россия чегарасига яқинроқ тутишда ифодаланиши керак. Бу Россия Федерациясида экспансионистик кайфиятни камайтиради ва икки ядровий давлат ўртасидаги тўғридан тўғри можаронинг олдини олади. 

Европа Россияни тийиб туриш учун ҳарбий кучини ошириши керак 

Хитойнинг таъсири кучайиб бораётгани сабабли, Қўшма Штатлар эътиборини Ҳинд-Тинч океани минтақасига қаратиш керак. Шу муносабат билан Европа Москвани жиловлаш мажбуриятларининг бир қисмини ўз зиммасига олиши даркор. «Россиянинг Украинага кенг миқёсли ҳужуми ортидан Европа мудофаа харажатлари ошгани далда берувчи қадамдир, бироқ қитъа ҳарбий жиҳатдан АҚШга қарамлигича қолмоқда. 2023 йилда НАТО 11 аъзоси ялпи ички маҳсулотнинг камида икки фоизини ўз харажатларига сарфлаш мақсадига эришди. Қолганлари ҳам шунга амал қилиши керак», дейилади матнда. 

CSIS экспертлари, шунингдек, Россиянинг таҳдид остида бўлган қўшниларини, айниқса НАТОдан ташқаридагиларни ҳимоя қилишга устувор аҳамият беришга чақирди. Масалан, Гуржистон, Арманистон ва Молдова. Таҳлилчилар фикрича, Вашингтон бу давлатлар киберҳужумлардан тортиб сайловларга аралашишгача бўлган Россиянинг кулранг зона таҳдидларига чидамлилигини оширишга ёрдам бериши керак. У улар билан разведка маълумотларини алмашиши ва муҳим инфратузилмага сармоя киритиши лозим.

Россия ва Хитой ўртасидаги муносабатлар мустаҳкамланиши АҚШ манфаатларига таҳдид соляпти

Яқин ўн йилликларда Қўшма Штатлар Москванинг таъсирини камайтириш учун Марказий Осиё ва Африка мамлакатларига кўпроқ ресурслар ажратиши керак. Украинадаги уруш Россия ва Хитойни бирлаштирди, дейилади ҳисоботда. Ҳар икки давлат АҚШнинг глобал етакчилигини таҳдид деб билади. Уруш Россия ва Шимолий Корея ўртасидаги муносабатларни ҳам чуқурлаштирди, у рус қўшинларини қурол-яроғ билан фаол таъминлаб келмоқда. 

Шунга қарамай, Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчилари Хитойга нисбатан таъсир кучига эга. «Агар 2023 йилда Хитой-Россия савдоси 240 миллиард долларни ташкил этган бўлса, Хитойнинг Европа Иттифоқи билан товар айирбошлаш ҳажми қарийб 800 миллиард долларни, Хитойнинг АҚШ билан савдоси эса 660 миллиард доллардан ортиқни ташкил қилган», - дейди CSIS таҳлилчилари. 

Мавзуга оид