Жаҳон | 13:26 / 12.03.2024
3689
3 дақиқада ўқилади

NYT: июлгача Украина ваъда қилинган 45 та F-16 қирувчисидан 6 тасини олади

Июлгача Украина Европа давлатлари ваъда қилган 45 та F-16 қирувчисидан олтитасини олади, деб ёзади The New York Times. Кечикишлар учувчиларни тайёрлаш жараёнининг узоқ давом этиши билан боғлиқ. 

Фото: Horacio Villalobos/Corbis, via Getty Images

Ёз ўрталарига бориб, 12 нафар украиналик учувчи Дания, Британия ва АҚШда 10 ойлик машғулотлардан сўнг F-16 қирувчи самолётларида жанговар миссияларни бажаришга тайёр бўлиши кутилмоқда. Бундан ташқари, улар фронт чизиғига қайтгунга қадар Украина Европа иттифоқчилари ваъда қилган 45 та самолётдан фақат олтитасини олади, деб ёзади The New York Times газетаси 11 март, душанба куни.

Кечикишлар сабаблари Украина парвоз ходимларини узоқ муддатли ўқитиш жараёни билан боғлиқ, деб таъкидлайди NYT: стандарт F-16 машғулотлари билан солиштирганда, украиналик учувчиларни тайёрлаш «чақмоқ тезлигида» содир бўлаётганига қарамай, ҳали ҳам Украина ва унинг иттифоқчилари кутганидек тез бўлмаяпти. Нашр эслатишича, бу қирувчи самолётлардан самарали фойдаланиш учун совет самолётларида учишга ўргатилган учувчилар аввал инглиз тилини пухта эгаллаши ва Ғарб парвоз технологияларини ўрганиши керак. 

Бундан ташқари, Вашингтон узоқ вақт давомида Киевга қирувчилар юборишга рози бўлмади. АҚШ президенти Жо Байден маъмуриятининг таъкидлашича, F-16 самолётлари фронтдаги вазиятни ўзгартира олмайди, чунки уларга хизмат кўрсатишга ўқитиш йиллар талаб қилиши мумкин. 

Украиналикларни F-16 самолётларида ўқитиш
 
Дания, Нидерландия, Норвегия ва Белгия Украинага учта кичик эскадриля учун етарли бўлган 45 га яқин қирувчи самолёт жўнатишга ваъда берди. Дания биринчи олтита F-16 самолётини баҳор охирида юборади, яна 13 таси йил охиригача ва 2025 йилда етиб бориши керак. Бошқа мамлакатлар етказиб бериш саналари ҳақида ҳали қарор қилмаган. 

Украиналик учувчиларни тайёрлаш Дания жанубидаги Скридструп авиабазасида 2023 йил август ойида бошланган бўлиб, у ерда қўшимча равишда 50 га яқин техник мутахассис самолётларга хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш, шунингдек, қурол тўпламлари билан ишлаш бўйича ўқитилмоқда.

Техникларни ўқитиш қўшимча кечикишларга олиб келиши мумкин, деб ёзади NYT, чунки битта F-16 га техник хизмат кўрсатиш учун 8-14 киши керак бўлади. Қирувчи самолётларга хизмат кўрсатиш учун етарли экипажлар бўлмагунча, Ғарб пудратчилари самолётларни Украинага кузатиб бориши керак. Бундан ташқари, Украинанинг эскирган ва урушда шикастланган учиш-қўниш йўлакларини таъмирлаш зарурати F-16 нинг фронтга жойлаштирилишини янада кечиктириши мумкин. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид