Жаҳон | 22:55 / 13.03.2024
7238
3 дақиқада ўқилади

АҚШда TikTok тақиқланиши мумкин

Вакиллар палатаси Хитойга тегишли TikTok ижтимоий тармоғини тақиқловчи қонун лойиҳасини маъқуллади. 

Фото: Getty Images

АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси TikTok ижтимоий тармоғига эгалик қилувчи Хитойнинг ByteDance компаниясидан ажратилмаса, мамлакатда ундан фойдаланишни тақиқловчи қонун лойиҳасини маъқуллади, деб хабар берди CNN. 

Қонун лойиҳаси ByteDance компаниясига TikTok платформасини сотиш учун беш ой мухлат беради. Агар бу бажарилмаса, илова дўконлари TikTok’ни олиб ташлаши керак бўлади. Бироқ иловани ўрнатганлар ундан фойдаланишда давом этиши мумкин, фақат у янгиланмайди. 

Вакиллар палатаси TikTok миллий хавфсизликка таҳдид солади, деб ҳисобламоқда, чунки Хитой ҳукумати ByteDance компаниясини америкалик фойдаланувчилар маълумотларини беришга мажбур қилиши мумкин. 

ByteDance компанияси Вакиллар палатаси қарорини маъқуллаши керак бўлган АҚШ Сенати «фактларни кўриб чиқиши, ўз сайловчиларининг фикрини тинглаши ва иқтисодиётга таъсирини тушунишига» умид қилаётганини билдирди. Компаниянинг айтишича, иловадан 7 миллион кичик бизнес вакили ва 170 миллион америкалик фойдаланади. 

Аввалроқ, Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ван Вэнбин Қўшма Штатларни TikTok’ни «йўқотишга» уринишда айблаб, миллий хавфсизликка таҳдидлар ҳақида ҳеч қандай далил тақдим этилмаганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, тақиқ Қўшма Штатларнинг ўзига «муқаррар равишда қайтади». 

Қўшма Штатларда TikTok’ни тақиқлаш ғоясини собиқ президент Доналд Трамп 2020 йилда билдирган эди. Шунингдек, у ҳар қандай Америка компаниясининг ижтимоий тармоқни сотиб олишига қарши чиқди. Бироқ, Вакиллар палатасида овоз бериш жараёнидан бир ҳафта олдин у TikTok’ни тақиқлаш қарорини «мураккаб» деб атади ва бундан «халқ душмани» деб ҳисоблайдиган Facebook фойда олишини таъкидлади. 

2022 йил декабрида, Жо Байден президентлиги даврида АҚШ Сенати Хитой ҳукуматига маълумотларни узатишдан чўчиб, ҳукумат ходимларига федерал ҳукумат электрон қурилмаларида TikTok ижтимоий тармоғидан фойдаланишни тақиқлаган эди. 

TikTok Хитой расмийлари билан маълумотлар алмашишни бир неча бор рад этган. Компания вакиллари, агар ҳукумат сўраса ҳам бундай маълумотни баҳам кўрмаслигини даъво қилишмоқда.

Мавзуга оид