Жаҳон | 11:22 / 13.03.2024
4050
3 дақиқада ўқилади

Россия Болтиқбўйи давлатларидан 347 кишининг мамлакатга киришини тақиқлади

Латвия, Литва ва Эстония сиёсий етакчилари, жамоат арбоблари ва журналистларининг «душманлик сиёсати» туфайли Россияга кириши тақиқланди, дейилади Россия ТИВ хабарида.

Фото: Vladimir Pesnya/SNA/IMAGO

Россия 347 нафар Литва, Латвия ва Эстония фуқаролари – вазирлар, парламент аъзолари, жамоат арбоблари ва журналистларнинг ўз ҳудудига киришини тақиқлади. Қарор Болтиқбўйи давлатларининг Россияга нисбатан «душманлик сиёсати» ва уч давлатнинг Россия Федерациясига қарши санкция чоралари бўйича «фаол лоббичилиги» билан боғлиқ, деб хабар қилди 12 март, сешанба куни Россия ТИВ матбуот хизмати.

Бундан ташқари, Москва Латвия, Литва ва Эстонияни «Россиянинг ички ишларига аралашишда», «русийзабон аҳолини таъқиб қилишда» ва «совет аскарлари ёдгорликларини оммавий равишда бузиш кампаниясида», шунингдек, уч йилдан бери кенг кўламли ҳужумдан ўзини ҳимоя қилиб келаётган Украинага қурол-яроғ етказиб беришда айблади.

Рўйхатга Латвия ва Эстониянинг собиқ президентлари Вайра Вике-Фрейберга ва Керсти Калюлайд, Эстония ва Латвия бош вазирлари Кая Каллас ва Эвика Силиня, уч мамлакат ташқи ишлар вазирлари Кришянис Каринш, Габриэлюс Ландсбергис ва Маргус Цахкна, шунингдек, ушбу давлатлар мудофаа, адлия, молия ҳамда ички ишлар вазирликлари раҳбарлари, парламент спикерлари ва депутатлари кирган. Баёнотда тўлиқ рўйхат келтирилмаган. Смоленская майдонида таъкидланганидек, рўйхат исталган вақтда кенгайтирилиши мумкин. 

Россия ўнлаб европалик сиёсатчиларни қидирувга берган

Феврал ойида Россия Ички ишлар вазирлиги Эстония бош вазири Кая Калласни «Жиноят кодексининг моддаси бўйича» қидирувга бергани маълум бўлди. Эстония давлат котиби Таймар Петеркоп, Литва маданият вазири Симонас Кайрис ҳамда Болтиқбўйи мамлакатлари расмийларининг бошқа вакиллари, жумладан, Латвиядан 83 нафар сиёсатчи ва амалдор ҳам қидирувга берилган. 

Ички ишлар вазирлиги Болтиқбўйи сиёсатчилари қидирувга берилишининг аниқ сабабларини айтмаяпти, бироқ Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков тушунтириш берди. «Булар тарихий хотирани ҳақиқатан ҳам бузган қарорлар учун масъул бўлганлардир. Булар ҳам тарихий хотирага, ҳам мамлакатимизга душманона ҳаракатлар қилмоқда», - деди у. Умуман олганда, Россия Ички ишлар вазирлиги совет обидалари бузилиши муносабати билан камида 160 нафар европалик сиёсатчи ва амалдорни қидирмоқда. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид