Жаҳон | 19:11 / 30.03.2024
43809
2 дақиқада ўқилади

«Крокус»даги терактдан кейин тожикистонлик меҳнат мигрантлари Россияни оммавий тарк этмоқда

Тожикистон ҳукумати мигрантлар ваҳимага тушиб қолганини маълум қилди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Тожикистон Меҳнат, миграция ва бандлик вазирлиги «Кроус Сити Холл» биносидаги терактдан сўнг Россиядан тожикистонлик меҳнат мигрантлари оммавий чиқиб кетаётганини қайд этди. Бу ҳақда республика меҳнат вазири ўринбосари Шаҳноза Нодирий маълум қилди.

«Қўнғироқлар жуда кўп. Бу, эҳтимол, таъқиблар ҳақидаги шикоятлар эмас, балки фуқароларимизда қўрқиш, ваҳима борлигидан, кўпчилик кетишни хоҳлайди. Ҳозир биз вазиятни кузатиб боряпмиз, Тожикистонга қайтаётганлар сони ошди», деди Нодирий.

Вазир ўринбосари бу вақтинчалик ҳодиса эканига умид билдирди. У одамларни интернетдаги провокацион хабарларга берилмасликка чақирди, уларнинг мақсади миллатлараро адоватни сочиш эканини айтди.

Унинг сўзларига кўра, Тожикистон фуқароларига нисбатан тазйиқлар «маиший даражада» ҳам қайд қилинмоқда, террорчилик ҳаракатидан кейин Тожикистон Меҳнат вазирлигининг Россиядаги ваколатхонасига таҳдидлар кўпайган.

Аввалроқ, Санкт-Петербургда ноқонуний мигрантлар қўлга олиниб, оммавий равишда депортация қилинаётгани ҳақида хабар берилди. Хусусан, шаҳарда «Антимигрант» операцияси давом этмоқда, унинг доирасида Россияга кириш қоидаларини бузиш бўйича суд жараёнлари кўпайган.

Мавзуга оид