Жаҳон | 07:38 / 05.04.2024
8710
5 дақиқада ўқилади

НАТО: Вазият қийин, аммо Украина устунликка эришиши мумкин

НАТОнинг бир қанча давлатлари Patriot тизимларини Украинага ўтказиш учун ўз омборларида қидириб топишга ваъда берди. Айни пайтда алянс УҚКга узоқ муддатли ҳарбий ёрдам кўрсатиш режаси ҳақида ўйламоқда. 

Фото: AP

4 апрел, пайшанба куни Брюсселда бўлиб ўтган Украина-НАТО кенгаши йиғилишида Украина томони иттифоқчиларидан ўзини Россия ракета ҳужумларидан ҳимоя қилиш учун зудлик билан кўпроқ Patriot ҳаво мудофаа тизимлари билан таъминлашни сўради. НАТО бош котиби Йенс Столтенбергнинг сўзларига кўра, бир қанча аъзо давлатлар Украинага ўзининг қурол-яроғ захираларини «инвентаризациядан ўтказиш» ва ёрдам кўрсатишга ваъда берган

Йиғилиш олдидан НАТО қароргоҳида Шимолий Атлантика иттифоқининг 75 йиллигига бағишланган тадбирлар ўтказилди. Байрамдан сўнг дарҳол Столтенберг ва Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба журналистлар билан суҳбатлашди. «Мен туғилган кунни бузишни хоҳламайман, лекин менинг бугунги хабарим: Patriot», деди Кулеба. 

Унинг сўзларига кўра, оддий украиналикларнинг ҳаёти, Украина иқтисодиёти ва шаҳарларининг хавфсизлиги ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларига боғлиқ. «Аммо биз айнан Patriot ҳақида гапиряпмиз, чунки булар баллистикани тўхтата оладиган ягона тизимлар ва биргина март ойида Россия Украинага 94 баллистик ракета учирди», — деди вазир. Унинг таъкидлашича, Украинани Patriot тизимлари билан таъминлаш фақат «уларнинг кўпига эга» НАТО иттифоқчиларига боғлиқ. 

НАТО зудлик билан Украина учун Patriot қидирмоқда 

Кулебанинг учрашувдаги далиллари ишончли бўлди, чунки якуний матбуот анжуманида Столтенберг алянсга аъзо давлатлар Украинани ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари билан таъминлашни «тушунишини» таъкидлади ва уларнинг баъзилари «топиш учун» қурол захираларини ўрганишга рози бўлди. 

Столтенбергнинг таъкидлашича, самарали ҳаво мудофааси учун нафақат батареяларнинг ўзи, балки тутиб олувчи ракеталарга ҳам эга бўлиш муҳим. «Бир нечта иттифоқчилар қўшимча тизимларни топиш ва юбориш учун яна саъй-ҳаракатларни амалга оширишга ваъда берди. Лекин уларнинг ўзи бу жараённи якунламагунча, мен тафсилотларга айтмайман», деди бош котиб. 

Столтенберг: УҚКга кўпроқ ёрдам керак 

НАТО Украинадаги фронтда вазият жиддийлигича қолаётганини тан олди. «Украинага ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, кўпроқ ўқ-дорилар ва ёрдам керак», деб таъкидлади Столтенберг. 

Шу билан бирга, у сўнгги кунларда НАТОга аъзо бир қанча давлатлар янги ташаббуслар ва Украина Қуролли кучлари (УҚК)га ҳарбий ёрдам жўнатишини эълон қилганини таъкидлади. Хусусан, Германия 155 мм калибрли ўқ-дориларни сотиб олиш бўйича Чехия ташаббусини амалга ошириш учун деярли 600 миллион евро ажратишини эълон қилди, Британия 10 минг дрон, Франция эса «бундан ҳам кўпроқ ракеталар ва зирҳли машиналар» ажратиш, Финландия эса - 188 миллион евролик қурол ўтказишга ваъда берди. 

«Аммо биз бундан ҳам кўпроқ иш қилишимиз керак, қўллаб-қувватлашимизни янада кучлироқ ва узоқ муддатли қилишимиз керак», деди НАТО раҳбари. 

Украинадаги фронтда вазиятнинг иккита сценарийси 

Алянс бош котиби Россия армиясининг май-июн ойларида ҳужуми эҳтимолини баҳолаб, яқин ҳафталар ва ойларда фронтдаги вазият ривожи иттифоқчилар бирлашиб, Украинага барча зарур ҳарбий ёрдам кўрсатишига боғлиқ бўлади, деди.

Столтенбергнинг таъкидлашича, Россия «олдинги чизиқ бўйлаб ҳужумни давом эттирмоқда», кўпроқ одамларни сафарбар қилмоқда ва «заррача олға силжиш учун одамлар ва қуролларни қурбон қилишга тайёр». 

«Бу жиддий. Ва аслида вазиятнинг ривожланишининг иккита сценарийси бор. Ёки НАТО иттифоқчилари ёрдамни сафарбар қила олади, Украина эса ўзининг кўпроқ ҳудудларини қайтаради. Ёки биз бу ёрдамни сафарбар қилмаймиз, шунда Россия янги ҳудудларни эгаллаб олиши ва биз янада хавфли вазиятга тушиб қолишимиз эҳтимоли бор», - деди бош котиб.

Унинг фикрича, агар иттифоқчилар Украинани барча зарур қуроллар билан таъминласа, «украиналиклар фронтда янги устунликларга эга бўлиши мумкин», шунинг учун УҚКни мустаҳкамлаш - «Россияга ғалаба қозонмаслигини кўрсатишнинг ягона йўли».

«Ва бу уни музокаралар столига ўтиришга, Украина суверен ва мустақил давлат сифатида устунликка эга бўладиган мақбул ечимга келишиб олишга ишонтиришнинг ягона йўли. Бу юз бериши мумкинлигига қатъий ишончим комил», - дея таъкидлади Столтенберг. 

Мавзуга оид