Жаҳон | 11:15 / 10.04.2024
4467
3 дақиқада ўқилади

Туркия Ғазодаги уруш туфайли Исроилга экспортни чеклади

Туркия Савдо вазирлиги Исроилга 54 тоифадаги товарлар экспортини чеклади. Чекловлар Исроил Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш режимини эълон қилмагунча кучда қолади, дея маълумот берди Анқара.

Фото: AFP

Туркия Ғазо секторидаги урушда ўт очишни тўхтатиш режимини эълон қилинмагунига қадар Исроилга экспортни чекламоқда. Чекловлар 54 тоифадаги товарлар, жумладан пўлат, керосин, ўғитлар, қурилиш техникаси ва машиналар экспортига киритилмоқда, деб хабар қилди Савдо вазирлиги 9 апрел, сешанба куни Анқарада чеклов чоралари дарҳол кучга киришини таъкидлаб.

«Ушбу қарор Исроил халқаро ҳуқуқдан келиб чиқадиган мажбуриятлари доирасида Ғазо секторида ўт очишни тўхтатишни эълон қилмагунча ва бу минтақага етарли миқдорда гуманитар ёрдамнинг тўсиқсиз етиб боришини таъминламагунча кучда қолади», — дейилади Туркия Савдо вазирлиги баёнотида. 

Туркиянинг Исроилга қарши биринчи жиддий чораси

Туркия бу чекловларни Исроил Ғазо секторига фаластинлик тинч аҳолига ҳаводан инсонпарварлик ёрдами етказишда иштирок этиш сўровини рад этганидан кейин киритди. Бу Туркиянинг Ғазо секторида олти ойдан ортиқ давом этаётган бутун уруш давомида Исроилга қарши биринчи жиддий чорасидир.

Анқара Исроил армиясининг Ғазо секторидаги ҳаракатларини кескин танқид қилди, бироқ қаттиқ риторикага қарамай, Исроил билан савдо алоқаларини узмоқчи эмас. Шу боис Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған мамлакат аҳолиси томонидан қаттиқ танқид остига олинди.

6 апрел куни полиция Истанбулда Туркиянинг Исроил билан савдо алоқаларини узиш талаби билан чиққан ўнлаб намойишчиларни қўлга олди.

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 33 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид