
1 апрелдан буён Яқин Шарқ Исроилнинг Суриядаги Эрон консуллигига Эроннинг жавобини кутмоқда. Ўтган вақт ичида Ислом Республикаси Исроил ҳудудига ёки унинг дипломатик объектларига ҳужум қилиш арафасида тургани ҳақида бир неча бор хабарлар тарқалди, аммо ҳозирча бундай зарба бўлмади. Теҳрон умуман жавоб бермай кета олмайди: консулхонага зарба — жуда жиддий чақириқдир. Эрон ҳукумати Исроилнинг ўз ҳудудига тўғридан тўғри жавоб зарбасига олиб келмайдиган, шу билан бирга, етарлича ишонарли қасос акциясини амалга ошириши талаб этилади. Шарқшунос, «Дежурный по Ирану» телеграм-канали муаллифи Никита Смагин «Медуза» нашрига минтақада катта уруш эҳтимоли қанчалик экани ва яқин вақтлар ичида нималар кутиш мумкинлиги борасида сўзлаб берди.
Исроилнинг зарбаси — нафақат прецедент, балки бутун дунё, жумладан АҚШ учун муҳим сигнал
Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари 1 апрел куни Эроннинг Дамашқдаги консулхонаси бўйлаб ракета зарбаси йўллади. Етти нафар эронлик ҳарбий ҳалок бўлган, жумладан Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг «Ал-Қудс» бўлинмаси генераллари Муҳаммад Ризо Зоҳидий ва Муҳаммад Ҳоди Ҳожи Раҳимий.
Бу зарбани муҳим прецедент (аввал кузатилмаган воқеа) деб аташ мумкин. Бунга қадар Исроил бир неча бор Эрон объектлари ҳамда Суриядаги эронпараст кучларга зарбалар йўллаган, аммо ҳеч қачон дипломатик бинога ҳужум қилмаганди. Бундан ташқари, бир неча юқори мартабали ҳарбийлар ўлдирилди, генерал Зоҳидий Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг Сурия ва Ливандаги амалиётларини бошқарарди. Бу 2020 йил «Ал-Қудс» бўлинмаси қўмондони Қосим Сулаймоний Ироқда ўлдирилганидан буён Эрон учун (агар ўлдирилганлар сони эмас, уларнинг мақоми ҳисобга олинса) Яқин Шарқда энг катта йўқотиши бўлди.
Исроилнинг зарбасини жаҳон бўйлаб хавотир билан қарши олишди — уни кўплаб мамлакатлар, жумладан Саудия Арабистони, Туркия, Россия ва Хитой ҳам қоралашди. Шунингдек, БМТ бош котиби Антониу Гутерриш танқидий чиқиш қилди. Дипломатик объектлар дахлсизлиги халқаро ҳуқуқнинг муҳим қисми ҳисобланади — ва бу жиҳатдан Исроилнинг ҳаракатлари Эрондан бошқаларни ҳам ташвишга солмоқда.
















