Яқин ҳамкорликдан ашаддий душманликкача: Исроил ва Эрон муносабатлари тарихи
Исроил ва Эрон ўртасида кучайиб бораётган зиддият фонида Яқин Шарқ «порох тўлдирилган бочка»га айланиб бормоқда. Исроил Эроннинг Дамашқдаги консуллигига зарба бериб, кескинликни оширди. Эрон эса Исроилга тўғридан тўғри ҳужум уюштирди. Уруш кенг кўламда давом этиши мумкинми?

Фото: AP/Vahid Salemi
Апрел ойи бошида Исроил авиацияси Эроннинг Дамашқдаги консуллигига зарба берганди. Бунинг оқибатида Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг (ИИМК) етти нафар аъзоси ҳалок бўлди. Улар орасида корпуснинг юқори мартабали генерали Муҳаммад Ризо Зоҳидий ҳам бўлган, у «Қудс» кучларининг элита бўлинмасига қўмондонлик қилган. Эрон мазкур ҳолат юзасидан ўз норозилигини билдира бошлади ва муносиб жавоб қайтаришини эълон қилди. Ушбу хабарлар ортидан 14 апрелга ўтар кечаси Исроилга 120 та баллистик, 30 та қанотли ракеталар, шунингдек 170 дан ортиқ дронлар қўллаган ҳолда ҳужум уюштирилди. Икки давлат ўртасидаги низо сабаби нимада ва у қандай юзага келган?
Исроил ва Эрон муносабатларидаги зиддиятли жиҳатлар
Эрондаги сиёсий режимнинг ўзгариши. Эрон 1950 йил 6 мартда мусулмон давлатлари ичида Туркиядан кейин иккинчи бўлиб Исроилни мустақил давлат сифатида тан олганди. Шоҳ Муҳаммад Ризо Паҳлавий даврида Эрон учун Исроил АҚШ билан муносабатларда воситачи давлат сифатида кўрилган. 1948 йилдан 1979 йил – ислом инқилобига қадар Эрон ва Исроил нафақат яқин ҳамкор, балки иттифоқчи бўлиб, иқтисодий ва ҳарбий жиҳатдан ҳамкорлик қилган. Хусусан, 1967 йилги «Олти кунлик уруш»дан сўнг бир қатор араб мамлакатлари Исроилга қарши нефт эмбаргоси жорий этганида Исроилга нефт етказиб берган ягона давлат Эрон бўлади.
Шунингдек, расмий Теҳрон Исроил товарлари ва хизматларининг асосий импортчиларидан бири эди. Аммо ўтган асрнинг 70-йилларига келиб минтақада сиёсий вазият ўзгара бошлайди. Ҳар икки томон учун ҳам асосий душман сифатида кўрилган Миср президенти Жамол Абдул Носирнинг ўлимидан кейин Эрон ва Миср ўртасидаги муносабатлар яхшилана бошлайди. 1975 йилда Эрон-Ироқ келишуви имзоланади ва Теҳрон курд айирмачиларига ёрдам беришни тўхтатди. Мазкур икки воқеа Исроилнинг Эрон учун стратегик аҳамиятини пасайтиради. Айни шу даврда Эронда диний кучлар таъсири ортиб бораётган эди.
1979 йилги инқилобдан сўнг вазият кескин ўзгарди. Теҳроннинг янги теократик ҳукмдорлари Исроилнинг қонунийлигини тан олмади. Эрон Исроилни Ғарбнинг минтақадаги иттифоқчиси сифатида кўрди ва унга душман сифатида қараш бошланди. Шунга қарамай, Исроил ва Эрон ўртасидаги чекланган ҳамкорлик 1980-йилларда ҳам давом этди. Фақат 2000-йилларга келиб икки томонлама муносабатларда кескинлик ниҳоятда кучайди. Эроннинг собиқ президенти Маҳмуд Аҳмадинажод 2005 йилда «сионистик режим Ер юзидан йўқ қилиниши керак» дея таъкидлаб, ахборот бомбасини портлатди. Расмий Теҳрон Фаластиндаги мусулмонларни қўллаб-қувватлаб, Исроилнинг уларга нисбатан олиб бораётган сиёсатига кескин муносабатда бўлиб келади. Эрон айнан АҚШ ва Исроилни ўзининг энг биринчи даражали душмани деб билади.
Эроннинг ядро дастури. 2000-йиллардан бошлаб фаол равишда амалга ошириб келинаётган Эроннинг ядро дастури тинчликпарвар эканига Исроил ишонмайди. Аксинча, у Эрон махфий равишда ядро қуроллари ишлаб чиқариш бўйича иш олиб бораётгани ва уни баллистик ракеталарга айлантиришига бўлган ишончини таъкидлаб келади. Ушбу ёндашувга мувофиқ, Исроил анчадан буён Эрон ядро дастурини тўхтатиш учун яширин, бир томонлама ҳаракатларни амалга оширади. Хусусан, 2020 йил ноябрида Эроннинг етакчи ядрошунос олими, мамлакат ядро дастури меъморларидан бири бўлган Муҳсин Фахризода ўлдирилиши ҳам бунга мисол бўла олади.
2015 йилда Эрон кўп миллатли ядровий битимни имзолайди, аммо 2018 йилда Доналд Трамп АҚШни ушбу шартномадан чиқариб олди ва Эронга қарши санкциялар қўллайди. Бу Эроннинг мағлубияти ва Исроилнинг ғалабаси сифатида кўрила бошланди. Эрон эса бунга жавобан рухсат этилган меъёрдан кўра кўпроқ уранни бойитишга киришади.
Прокси урушлар. Ҳар икки томон бир-бирига қарши турли ҳарбий ҳаракатларни амалга оширган. Ушбу ҳаракатлар минтақавий барқарорликка таҳдид қилади ва давлатлар ўртасидаги зиддиятларни янада чуқурлаштиради. Эрон Яқин Шарқ бўйлаб бир нечта гуруҳдан иборат кучли коалиция шакллантирган. «Ҳизбуллоҳ», ҲАМАС, Ироқдаги Ҳашд аш-Шааби ва Яман ҳусийчиларини ўз ичига олувчи иттифоқчилар тармоғини молиявий ва ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватлайди. Йиллар давомида ушбу гуруҳлар ва Исроил ўртасида турли тўқнашувлар содир бўлиб келди.

Эрон ва Исроилнинг ҳарбий салоҳияти
Global Fire Power индексига кўра, ҳарбий қудрати бўйича Эрон дунёда 14-ўринни, Исроил эса 17-ўринни эгаллайди. Эрон қуролли кучларининг умумий сони 610 минг кишини, захираси 350 минг кишини ташкил этади. Исроилда бу кўрсаткич мос равишда 170 минг ва 465 минг киши.
Эроннинг мудофаа бюджети – 9,95 млрд доллар, Исроилники – 24,4 млрд доллар.
Жами самолётлар сони:
- Эрон: 551 дона;
- Исроил: 612 дона.
Қирувчи самолётлар:
- Эрон: 186 дона;
- Исроил: 241 дона.
Ҳужум вертолётлари:
- Эрон: 13 дона;
- Исроил: 48 дона.
Танклар сони:
- Эрон: 1996 дона;
- Исроил: 1370 дона.
Зирҳли транспорт воситалари:
- Эрон: 65 765 дона;
- Исроил: 43 407 дона.
Ўзиюрар артиллерия:
- Эрон: 580 дона;
- Исроил: 650 дона;
Сувости кемалари:
- Эрон: 19 дона;
- Исроил: 5 дона.
Аэропортлар:
- Эрон: 319 дона;
- Исроил: 42 дона.
Уруш кенг кўламда давом этиши мумкинми?
Эроннинг Исроилга ҳужуми рамзий маъно касб этгандай таассурот пайдо қилди. Йўлланган юзлаб дрон ҳамда ракеталар яҳудий давлатига деярли ҳеч қандай талафот етказмади. Исроил мудофаа вазирлиги дрон ва ракеталарнинг 99 фоизи тутиб қолинганини маълум қилди.
Умуман олганда, Эрон томони Исроил ва унинг иттифоқчиларига ўзига хос имконият тақдим қилгандай бўлди. Қақшатқич «зарба» берилиши ҳақида бир неча кун олдин эълон қилинди, бу вақт оралиғида Исроил эҳтимолий ҳужум учун пухта ҳозирлик кўрди. Яҳудий давлатининг яқин иттифоқчилари АҚШ ва Буюк Британия Яқин Шарқдаги ҳарбий ҳаво кучларини шай ҳолатга келтиришга ҳам улгурди.
АҚШ Исроилнинг Эронга ҳар қандай қарши ҳужумини қўллашдан бош тортиши ҳақида хабар берди. Ўз навбатида, Исроил ўзининг асосий иттифоқчиси розилигисиз Теҳрон билан тўғридан тўғри қуролли можарони кенг кўламда бошлаш эҳтимоли паст. Эрон эса Исроил олдида заиф кўринишни истамади ва олий ҳокимият халқаро майдондаги ўз репутациясини йўқотмаслик учун очиқ ҳарбий ҳужумни амалга оширди, аммо чинакам урушни бошлаб юбормаслик учун ўта эҳтиёткорлик билан қадам ташлагани сезилди. Шу жиҳатдан Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддият кенг кўламда эмас, балки аввалгидай прокси шаклда давом этиши мумкин.
Достон Аҳроров тайёрлади.
Тавсия этамиз
Сўнгги янгиликлар
-
“Asialuxe Travel” билан Шарм-эл-Шейхга: ҳаммага мос келадиган ритм
Ўзбекистон | 17:00 / 24.05.2025
-
АҚШ билан виза музокараси, Россиянинг талаблари ва билимли ёшларга мукофот — ҳафта дайжести
Ўзбекистон | 09:39
-
Франция суди Дуровга Норвегиядаги форумда иштирок этишига рухсат бермади
Жаҳон | 23:21 / 24.05.2025
-
«Автоойна» МЧЖ ва «Ёшлик» спорт мажмуаси сотилди. Харидорлар ким?
Иқтисодиёт | 22:51 / 24.05.2025
Мавзуга оид

20:03 / 23.05.2025
Римда АҚШ ва Эрон ўртасида ядровий дастур бўйича музокаралар бошланди

16:28 / 23.05.2025
Эрон 2023 йилда Озарбойжон элчихонасига ҳужум қилган эркакни қатл қилди

08:23 / 23.05.2025
АҚШда исроилликларни отиб ўлдирган шахсга айблов қўйилди

16:51 / 22.05.2025