Бир эркак ва бир аёл маҳаллий вақт билан 21 май куни соат 21:05 атрофида (Тошкент вақти билан 22 май куни соат 06:05) Яҳудийлар музейида Ғазо аҳолисига ёрдам кўрсатишга бағишланган тадбирдан чиқиб кетаётганда ўлдирилган, деб хабар берди BBC’га учрашув ташкилотчиси.
Исроил элчихонаси матбуот котиби Тал Наим Коэннинг маълум қилишича, қурбонлар ҳужум қилган шахс томонидан яқин масофадан туриб отиб ўлдирилган.
Исроилнинг АҚШдаги элчихонаси Вашингтонда ҳалок бўлган жуфтликнинг исмларини ошкор этган, шунингдек, Ярон ва Саранинг биргаликда тушган сурати эълон қилинган.
Исроил нашрлари маълумотига кўра, уларнинг тўлиқ исмлари Ярон Лишчинский ва Сара Милгрим.
Исроилнинг АҚШдаги элчиси Йехиел Лейтер ўлдирилганлар турмуш қуриш арафасида бўлган ёшлар бўлганини маълум қилган.
«Ушбу ўрнини тўлдириб бўлмайдиган йўқотишдан қайғуришимиз ва даҳшатимизни тўлиқ ифодалаш учун сўз йўқ. Бизнинг қалбимиз уларнинг оилалари билан. Элчихона ушбу даҳшатли пайтда уларга қўлидан келган барча ёрдамни кўрсатади», – дейилади дипломатик идора хабарида.
Гумонланувчи полиция томонидан қўлга олинган ва у Чикагода яшовчи 30 ёшли Элиас Родригес экани аниқланган. Полициянинг таъкидлашича, у ҳибсга олиш чоғида «Фаластинга озодлик» шиорини баланд овозда айтган.
Федерал қидирув бюросининг Вашингтондаги бўлими директори ўринбосари Стив Женсеннинг айтишича, гумонланувчи «терроризмга алоқадорлиги эҳтимоли» бўйича текширилади.
Колумбия округи полицияси раҳбари Памела Смит матбуот анжумани чоғида Родригес илгари ҳуқуқ-тартибот идоралари эътиборига тушмагани ва унинг таржимайи ҳолида «эътиборни тортадиган ҳеч нарса йўқлиги»ни айтди.
Исроил ташқи ишлар вазири Гидеон Саар «бугунги терактдан ларзага тушгани»ни айтди ва «бутун дунё бўйлаб Исроил вакиллари доимо хавф остида» эканини қўшимча қилди.
«Мен Вашингтонда содир бўлган воқеадан ҳайратдаман. Бу нафрат ва антисемитизмнинг жирканч ҳаракати бўлиб, Исроил элчихонасининг икки ёш ходимининг ҳаётига зомин бўлди», – деб ёзди Х ижтимоий тармоғида Исроил президенти Исхак Герцог.
АҚШ президенти Доналд Трамп буни «жуда ачинарли» ва «»яққол антисемитизмга асосланган ҳужум» деб атади.
«Биз Исроилнинг Вашингтондаги элчихонасининг икки ходими ўлдирилишини қатъий қоралаймиз. Дуоларимиз уларнинг яқинлари билан. Бу қўрқоқ, антисемит зўравонликнинг қўпол ҳаракати эди. Шубҳаланманг: биз айбдорларни топамиз ва уларни одил судловга топширамиз», – деди АҚШ Давлат департаменти раҳбари Марко Рубио.










