07:39 / 17.04.2024
4142

Евроиттифоқ ва АҚШ Эронга қарши янги санкциялар тайёрламоқда

Жозеп Боррелнинг сўзларига кўра, янги чекловлар Ислом Республикасидан қурол-яроғ экспортига, жумладан, Россияга учувчисиз учоқларни етказиб беришга таъсир қилади. АҚШ санкциялари ИИМК ва Эрон Мудофаа вазирлигига тегишли бўлади.

Фото: Dursun Aydemir/Andalou/picture alliance

Европа Иттифоқи Эронга қарши санкцияларни кенгайтириш устида ишламоқда, деди Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел 16 апрел, сешанба куни кечқурун Брюсселда бўлиб ўтган Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирларининг йиғилишидан сўнг. 

Боррелнинг сўзларига кўра, янги чекловлар Эрондан қурол-яроғ экспортига, жумладан, Украинага қарши уруш олиб бораётган Россияга Ислом Республикасининг учувчисиз учоқлар етказиб беришига таъсир қилади. 

АҚШнинг Эронга қарши янги санкциялари 

Эронга нисбатан санкциялар кучайтирилиши ҳақида шу куни, 16 апрелда АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан маълум қилди. У Вашингтонда маълум қилганидек, санкциялар нишони Эрон Мудофаа вазирлиги ва Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси бўлади. Чекловлар, жумладан, Эроннинг дрон ва ракета дастурларига қаратилади. 

«Ушбу янги санкциялар ва бошқа чоралар Эронга ҳарбий салоҳияти ва самарадорлигини чеклаш ва заифлаштириш ҳамда муаммоли хатти-ҳаракатларининг тўлиқ кўламига қарши туриш учун доимий босим ўтказишда давом этади», деди Салливан ва Қўшма Штатлар иттифоқчиларидан шунга ўхшаш чоралар кўришини кутаётганини қўшимча қилди.

Европа Иттифоқи ва АҚШ томонидан Эронга қарши янги санкциялар жорий этилиши Ислом Республикасининг 14 апрелга ўтар кечаси Исроилга қарши ҳаво ҳужуми билан боғлиқ.

Top