Ўзбекистон | 13:00 / 30.04.2024
22346
7 дақиқада ўқилади

“Отамнинг ишончи куч беради” — имкон берилган қиз ҳикояси

Бугунги қаҳрамонимиз 24 ёшида шахсий бренди, тур-компанияси, қизлар академиясини яратиб улгурган ўзбек қизи. У болалиги, эришганлари, ўзбек қизларининг нималарга қодирлиги ҳақида гапириб берди.

Шоҳида Юсупова - У 4 та тилда эркин сўзлаша олади, 30 дан зиёд Халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистондаги ёш элчиси, Гарвард Университетининг “Раҳбарлик ва бошқарув” йўналишида, Берлин Халқаро Бизнес Институтида “Маркетинг ва коммуникациялар” йўналишларида таҳсил олган. 50 дан зиёд халқаро танлов ва фестиваллар ғолиби. Айни пайтда Италиянинг Siena университети “Халқаро дипломатия” йўналишида магистратура босқичида таълим олмоқда.

Болалигим ҳақида...

Хоразмнинг Янгибозор туманида, фермер оиласида дунёга келганман. Бугунги барча ютуқларим – болалигимда ота-онамнинг қўллаб-қувватлови туфайли.

5 ёшимдан ота-онам ўқишни, ёзишни ўргатишган, ҳар ҳафта менга дадам янги китоблар олиб келиб берардилар, болалигим ижтимоий фаолликда, турли танлов ва фестивалларда иштирок этиш, ўз устимда ишлаш билан ўтган. Биринчи марта 2012 йил “Янги авлод” болалар ижодиёти фестивалининг Республика босқичида ғолибликни қўлга киритганман, 14 ёшимдан 18 ёшимгача Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси қошидаги Болалар парламенти депутати бўлганман. Бундан ташқари бир қанча ёшлар ташкилотларида фаол ёшлар қаторида кўплаб лойиҳаларда иштирок этганман.

Муҳими мукофот эмас – эътироф эди

18 ёшимда адабиёт йўналиши бўйича "Зулфия" номидаги Давлат мукофоти соҳиби бўлдим. Аммо унга эришгунга қадар кўплаб тўсиқлардан ўтдим, 5 йил уриндим. Ўшанда юзимга айтилган: "Ҳар йили ҳужжат топшириб, чарчамадингми? Ололмайсан!", " Вой бу йил ҳам ололмадингми?" каби сўзлар, истеҳзолар ҳалигача ёдимда. 5 йил давомида одамларнинг гаплари, юзимга шарақлаб ёпилган эшиклар мени янада кучлироқ бўлишга, мақсадим сари дадилроқ ҳаракат қилишга ундади ва бунга эришдим. Мен учун мукофот муҳим эмасди, буни уддалай олишим, эътироф этилишим муҳим эди.

Илм олиш ва саёҳатлар

Талабалигимнинг 4 йили мени кучли шахс сифатида улғайтирди. Шу даврда ўзимни инсон сифатида қайтадан кашф этдим. Гарчи позитив инсон бўлсам-да, талабаликнинг биринчи йили бирмунча қийин ўтган. Лекин, айнан адаптация жараёни руҳиятимда янги қирраларни очган. Вақтимни кўпроқ билим олишга, чет тилларни ўрганишга бағишлаганман. Бунинг ортидан эса Халқаро майдонга чиқдим. Ўқиш, изланиш йўлидаги ҳаракатларим бесамар кетмади. Талабаликнинг охирги йилларида Миср, Туркия, Руминияда ўтказилган халқаро конференцияларда ҳам иштирок этганман.

Биринчи марта хорижга чиқиш билети учун пулни ҳам таржималарим орқали ишлаб топганман. Хорижий тилларни ўрганганим, турли йўналишларда тажриба орттирганимнинг молиявий мустақил бўлишимда ўрни катта. Кейин саёҳатлар саёҳатларга уланиб кетди. Бугунги кунга қадар дунёнинг 18 та мамлакатига саёҳат қилдим. Илк саёҳатим 18 ёшимда Ҳиндистонга бўлган ва Ҳиндистоннинг KAFLA İNTERNATİONAL ташкилоти томонидан “Sahitya Shri” Халқаро мукофоти совриндори деб топилганман. Ўшанда Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетининг "Халқаро журналистика" йўналиши биринчи босқич талабаси эдим, бу мукофот менинг талабалик давримдаги энг катта ютуқларимдан бири бўлган.

Ҳаммасида отамнинг ўрни катта

Болалигимдан ҳар нарсанинг доим энг яхшисига интилганман. Менга ҳеч ким босим ўтказмаган, "Қиз боласан" дея чегара қўймаган ота-онамга, айниқса отамга раҳматлар айтаман. 14 ёшимда бир ўзимни Тошкентга танловга юборган, 18 ёшимда амакиларимнинг "Қиз бола нарса бўлса, четда бир ўзи юрадими?" каби гапларига қарамай, "Менинг қизим қаерда бўлса ҳам, нима гапиришни, қайси йўлдан юришни жуда яхши билади", - деб Ҳиндистонга ёлғиз ўзимни катта ишонч билан юборган ҳам айнан отам бўлади. Кетма-кет муваффақиятларга эришишимда ҳам отамнинг ўрни жуда катта. Улар болалигимда менинг ривожланишим, ўз устимда ишлашим учун ҳатто шахсий кутубхона ташкил қилиб берган. Отамдан ҳалол ва тўғрисўз бўлиш ва ўз устида доимий ишлаш, ҳар лаҳзадан унумли фойдаланишни ўргандим. Балки шулар сабабданми, молиявий томондан ҳеч қачон қийналмаганман.

18 ёшимдан буён ўзимни ўзим эплашга, эҳтиёжларимни қоплашга ҳаракат қиламан. Турли соҳаларда масофадан ва офлайн ишлаб, таржимонлик, копирайтерлик, тил ўргатиш, нашр ишлари билан шуғулланганман. 2021 йилда эса жуда кўп аёл-қизларнинг талаб ва таклифлари билан форум ва семинарлар ташкил қилиб, дарс бера бошладим ва “Shine” Қизлар Академиясига асос солдим. Академиямизда шахсий ривожланиш, халқаро майдонга чиқиш, хорижий тилларни ўрганиш бўйича дарслар берилади. Нафақат шахсий ривожланиш, балки халқаро майдонга чиқиш, ўз қобилият ва истеъдодини намоён этишда ҳам ҳар соҳада фаол, иқтидорли аёл-қизларимизга ёрдам беради. Бугунги кунга қадар Америка, Туркия, Озарбойжон, Миср, Хитой каби бир қанча мамлакатларда турли йўналишларда фаолият олиб бораётган минглаб аёл-қизларнинг ижодий ишлари жой олган халқаро антологиялар нашр этдик ва тақдимотлар ўтказдик. Қизлар академияси 20 мингдан зиёд хотин-қизларнинг ривожланиши учун хизмат қилди.

Кейинчалик, “Şahide" аёллар кийим брендим ҳамда "Shiny travels" тур компанияларини очдим. Бу жараён эса бирмунча осон кечган. Сабаби, бу пайтга келиб мен молиявий мустақил қизга айланиб улгургандим. 21 ёшимда отамга янги автомобил совға қилдим. Бу менга болаликдан орзу бўлган. Ота-она ишончи ва берган тарбиясини оқлаш- ҳар бир фарзанднинг орзуси бўлса керак. Ота-онамга Истанбулга, Озарбойжонга саёҳатлар совға қилдим. Бу давлатларга илк марта ўзим саёҳат қилганимда, мен кўрган гўзалликларни улар ҳам кўришини чин дилдан истагандим. Отам 48 ёшларида биринчи марта саёҳатга чиқдилар. Бунга сабабчи бўлиш эса менинг болалик орзуларимдан эди. Орадан кўп ўтмай ота-онамга ва энг яқин амакимга Умра сафари учун йўлланма совға қила олдим. Яқинларимнинг шу вақтдаги қувонч кўз ёшлари ҳеч қачон хотирамдан ўчмаса керак.

23 ёшимда ўзим хоҳлаган шаҳардан, орзуйимдаги уйни олдим. Тошкентнинг марказида қурилаётган уйдан 3 хонали премиум классдаги хонадонни Аллоҳим насиб қилди. Инсоннинг ўз уйи бўлиши, унда ўзи хоҳлаган атмосферани ярата олиши, ўзининг чиройли қадриятлари билан яшай олиши — жуда катта бахт. Ҳамиша ўзимга ваъда берган ҳаёт тарзим, орзу ва мақсадларим менга куч ва мотивация бериб туради.

Эълонлар

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери