Жаҳон | 09:28 / 07.05.2024
2082
3 дақиқада ўқилади

Еврокомиссия Полшага нисбатан суриштирув жараёнини тўхтатади

Полшанинг янги ҳукумати Европа Иттифоқининг эркин адлия тизими соҳасидаги талабларини бажарди, дея маълум қилди Брюссел. Полшада қонун устуворлигини жиддий бузиш хавфи энди йўқ, дейилади ЕК баёнотида. 

Фото: Beata Zawrzel/NurPhoto/picture alliance

Еврокомиссия Полшага нисбатан олти йилдан кўпроқ вақт аввал Полшадаги адлия тизими ислоҳоти бўйича можаро туфайли бошланган суриштирув жараёнини тугатади. Полшада «қонун устуворлигини жиддий бузиш хавфи энди йўқ», дея маълум қилди Брюсселдаги идора душанба, 6 май куни.

Ўз навбатида, Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен X’да «Полша учун янги даврнинг» бошланиши ҳақида ёзган. У Полша бош вазири Доналд Туск ва унинг ҳукуматини «ушбу муҳим ютуқ» билан табриклади. «Бу Полшанинг машаққатли меҳнати ва ислоҳот йўлидаги қатъий саъй-ҳаракатлари натижасидир», дея қўшимча қилди у. 

Еврокомиссиянинг ушбу таклифи 21 май куни Люксембургда бўлиб ўтадиган йиғилишда Европа Иттифоқига аъзо давлатларнинг Европа ишлари бўйича вазирлари томонидан муҳокама қилинади. Кейин ЕК ниҳоят Полша билан боғлиқ процедурани тўхтатади. Полшага қарши иш юритиш тугатилганидан кейин Венгрия ЕИ шартномасининг 7-моддасига мувофиқ жараён юритиладиган ягона давлат бўлиб қолади. 

Варшава ва Брюссел ўртасидаги баҳс 

Брюссел ва Полшанинг аввалги миллий консерватив ҳукумати ўртасида суд-ҳуқуқ ислоҳотлари бўйича можаро 2016 йил бошидан бери давом этмоқда. Полша президенти Анжей Дуда умумий юрисдикция судлари тўғрисидаги қонунни имзолаганидан сўнг, 2017 йилда Европа комиссияси Европа Иттифоқи тарихида биринчи марта шартноманинг 7-моддасига асосланиб, унинг Европа Иттифоқи стандартларига мувофиқлигини текшириш тартибини бошлади. 

Можаро пайтида Европа Иттифоқи Полша учун мўлжалланган кўп миллиард долларлик тўловларни музлатиб қўйди. Бошқа нарсалар қаторида, процедуранинг бир қисми сифатида Варшавага Европа Иттифоқи кенгашида овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум қилиш билан таҳдид қилинган. 2023 йил октябр ойида Тускнинг европапараст партияси сайловларда ғалаба қозонганидан сўнг, янги ҳукумат тузилди, у Полша адлия тизимида янги ислоҳотни бошлади ва Брюссел талабларини бажарди. Полшанинг янги адлия вазири Адам Боднар тегишли чора-тадбирлар режасини тақдим этди, шундан сўнг Еврокомиссия Полша учун можаро пайтида музлатиб қўйилган 137 миллиард евро миқдоридаги маблағни тақдим этди.

Полшада мунозарали суд-ҳуқуқ ислоҳоти адлия вазирига суд раисларини ишдан бўшатиш ва уларни бошқа номзодлар билан алмаштириш ҳуқуқини тақдим этишни назарда тутган. Вазифаларидан бири Европа қонунчилигига риоя этилишини назорат қилиш бўлган Европа комиссияси Варшавадан суд-ҳуқуқ ислоҳотини бекор қилишни ёки уни Европа Иттифоқи стандартларига мослаштиришни талаб қилди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид