Жаҳон | 10:58 / 08.05.2024
2668
2 дақиқада ўқилади

АҚШда Boeing'га нисбатан янги суриштирув бошланди

АҚШ авиация регулятори 787 Dreamliner самолётини синовдан ўтказишда ҳужжатларни қалбакилаштириш эҳтимоли туфайли Boeing компаниясига нисбатан янги суриштирув бошлади. Компания қоидабузарликларни тасдиқлади, бироқ парвозлар хавфсизлигига таҳдид йўқлигини маълум қилди.

Фото: Gavin McIntyre/Pool via REUTERS

АҚШ Федерал авиация бошқармаси (FAA) Boeing компанияси ходимлари 787 Dreamliner самолётига оид техник ҳужжатларни қалбакилаштирган бўлиши мумкинлиги маълум бўлгач, унга нисбатан янги суриштирув бошлади, деб хабар бермоқда Reuters.

Регулятор Boeing 787 Dreamliner самолётларида қанот-фюзеляж туташувларида тўғри боғланиш ва уланишни тасдиқлаш учун текширувларни якунлагани ёки йўқлигини аниқламоқда.

Корпорация аллақачон ушбу сериядаги барча самолётларни қайта текширмоқда ва эксплуатация паркидаги аниқланган носозликларни бартараф этиш режасини ишлаб чиқмоқда, дея қўшимча қилди FAA.

Boeing аввалроқ FAA'га унинг бир қанча ходимлари «керакли синовларни ўтказмай, ишни тугалланганини қайд этиб, компания сиёсатини бузгани» ҳақида маълум қилган эди, деб ёзади Reuters 787 Dreamliner дастури раҳбари Скотт Стокернинг ушбу самолётлар йиғиладиган Жанубий Каролинадаги ходимларига йўллаган хатига таяниб. «Бизнинг муҳандислик гуруҳимиз ушбу қоидабузарлик авиация хавфсизлигига бевосита таҳдид солмаган деган хулосага келди», дея қўшимча қилди у.

Апрель ойида Boeing компанияси Boeing 787 Dreamliner самолётларини ишлаб чиқариш ва етказиб бериш «бир нечта асосий компонентлар» бўйича таъминотчилар етишмаслиги сабабли секинлашишини кутаётганини маълум қилганди, дея таъкидлади Reuters.

Март ойи охирида Boeing авиакомпанияси самолёт хавфсизлиги билан боғлиқ бир қатор можаролар фонида ўз раҳбариятида жиддий ўзгаришларни эълон қилди. Ҳодисалардан бири январ ойида Alaska Air 737 MAX 9 лайнери билан содир бўлган. Парвоз вақтида кемадан фавқулодда чиқиш панели синиб кетди. Текширув шуни кўрсатдики, унда тўртта мурват бўлмаган. Шундан сўнг дарҳол FAA 737 MAX 9'дан фойдаланишни тўхтатди, аммо кейинроқ парвозларни давом эттиришга рухсат берди.

Мавзуга оид