Жаҳон | 09:14 / 09.05.2024
2303
3 дақиқада ўқилади

Лондон Россияга тегишли объектларни дипломатик мақомдан маҳрум қилади

Британия ҳукумати Россия мудофаа атташесини мамлакатдан чиқариб юборади, Россияга тегишли қатор объектларни дипломатик мақомдан маҳрум қилади ва россияликлар учун дипломатик визалар муддатини қисқартиради.

Фото: Alberto Pezzali/AP/dpa/picture alliance

Британия ҳукумати Россиянинг Британия ҳудудидаги тахминий душманлик ҳаракатларига қарши мудофаани кучайтириш бўйича йирик чора-тадбирлар пакети доирасида «эълон қилинмаган ҳарбий разведка зобити» бўлган Россия мудофаа атташесини мамлакатдан чиқариб юборади. Бундан ташқари, 8 май, чоршанба куни Британия ҳукумати Россияга тегишли, разведка мақсадларида фойдаланилгани айтилаётган бир қанча мулклар дипломатик мақомдан маҳрум этилишини маълум қилди.

Шу билан бирга, Лондон Россияга дипломатик визалар учун янги чекловлар, жумладан, россиялик дипломатларнинг Британияда қолиш муддатини чеклаш ниятида. Баёнотда, шунингдек, Британия 8 май куни Россия элчисини чақириб, унга ушбу чоралар тўғрисида хабар бергани ва Россиянинг ҳаракатларига йўл қўйиб бўлмаслигини эълон қилгани айтилади.

Клеверли: «Россия учун кучли тўхтатувчи сигнал»

Британия ички ишлар вазири Жеймс Клеверли Британия парламенти Жамоатчилик палатасида кўрилаётган чора-тадбирларни тушунтирар экан, Лондон Британия ҳудудида русларнинг «жиноий» фаоллиги, жумладан, Украина билан боғлиқ корхоналарга ўт қўйилиши сони ортиб бораётганидан хавотирда эканлигини таъкидлади. Апрел ойида ушбу иш бўйича «Вагнер гуруҳи» билан алоқаси борлиги айтилган британияликка қарши айбловлар қўйилди. Клеверлининг таъкидлашича, Лондон бу пакетни «Россияга кучли огоҳлантирувчи хабар юбориш» ва Британияга рус разведка хизматларидан таҳдидни камайтириш учун қабул қилмоқда. 

Ўз навбатида, Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмерон янги чоралар Британия ва Европа хавфсизлигига путур етказиш учун тобора жиддий ҳаракатларни амалга ошираётган Россия давлати учун «аниқ сигнал» эканлигини таъкидлади. «Дўстларимиз ва ҳамкорларимиз билан биз Украинани қўллаб-қувватлашда давом этамиз ва Россияни унинг зарарли фаолияти учун жавобгарликка тортамиз», деди у.

Москва жавоб чоралари билан таҳдид қилмоқда

Россия Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Мария Захарова Лондон баёнотига жавобан, «мутаносиб» ва «қаттиқ» жавоб билан таҳдид қилди. У Британияни «провокациялар» ва «қарама-қаршилик даражасини ошириш» ҳаракатларида айблади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид