Жаҳон | 11:49 / 10.05.2024
5911
3 дақиқада ўқилади

Нетаняҳу: Исроилда якка ўзи курашиши учун етарлича куч бор

Керак бўлса, тирноқларимиз билан ҳам курашамиз ва ғалаба қозонамиз, деди Исроил бош вазири. Аввалроқ АҚШ Исроил Фаластиннинг Рафаҳ шаҳрига кенг кўламли ҳужум уюштирса, ҳарбий ёрдамни қисқартириш билан таҳдид қилган эди.

Фото: Maya Alleruzzo/AP/dpa/picture alliance

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу, Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳарбий амалиёти юзасидан халқаро танқидлар фонида, исроилликлар керак бўлса, якка ўзи жанг қилишга тайёрлигини билдирди. «Агар ўзимиз учун ёлғиз туришимиз керак бўлса, демак, ўзимизни ҳимоя қиламиз. Керак бўлса, тирноқларимиз билан ҳам курашамиз ва ғалаба қозонамиз», — деди у 9 май, пайшанба куни кечқурун эълон қилинган видеомурожаатида.

Аввалроқ АҚШ президенти Жо Байден Исроил Ғазо секторининг бошқа ҳудудларидаги урушлардан қочган миллиондан ортиқ қочқинлар тўпланган Фаластиннинг Рафаҳ шаҳрида кенг кўламли ҳарбий амалиёт бошласа, Исроилга ҳарбий таъминотни янада қисқартириш билан таҳдид қилган эди. «Агар Исроил ҳарбийлари шаҳарнинг аҳоли зич жойлашган ҳудудларига кирса, қурол-яроғ етказиб бериш жараёни учун бунинг оқибатлари бўлади. Кенг кўламли босқин учун қурол берилмайди», - дея огоҳлантирди Байден CNN телеканалига берган интервюсида.

Нетаняҳу бунга жавобан 1948 йилги урушни эслади. «76 йил олдин урушда кўпчиликка қарши қуролимиз йўқ эди, ҳатто Исроилга қарши қурол эмбаргоси ҳам бор эди, лекин биз ғалаба қозондик», деди Исроил бош вазири. Унга кўра, Исроил анча кучайди ва бошқа нарсалар қатори, душманларини мағлуб этиш истагида бирлашди.

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери қарийб 35 минг фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид