Жаҳон | 22:49 / 16.05.2024
4827
2 дақиқада ўқилади

Россияда мигрантларга ўз ватанида рус тилини ўрганиш тавсия этилди

Рус тилини ўрганмаган мигрантлар Россияга келганида кўплаб муаммоларга йўлиқаётгани таъкидланмоқда. 

Фото: ТАСС

Россияга келаётган меҳнат мигрантлари рус тилини билиши, мамлакат анъаналари ва маданиятини ҳурмат қилиши шарт. Бу ҳақда Россия Давлат думаси спикери Вячеслав Володин маълум қилди. 

«Бизда ишлаш учун келадиганлар рус тилини билиши, урф-одатларимизни, маданиятимизни ҳурмат қилиши биз учун муҳим. Ва бизнинг умумий тарихимиз ҳам бор, менимча, буни ҳеч ким унутмаган», деди Володин. 

У Россияга дўстона бўлган давлатлар билан ишлаш ва у ерда фуқароларга рус тилини ўргатиш учун шарт-шароитларни яратишга чақирди ва бу уларга Россияда яшаш учун асқотишини таъкидлади. 

Давлат Думаси спикерининг сўзларига кўра, одамлар ватанида рус тилини ўрганмаган, шу туфайли Россияга келганида кўплаб муаммоларга йўлиқмоқда. 

«Биз бунга йўл қўймаслигимиз керак», деди у. 

Россия қонунчилигига кўра, мамлакатда яшаш, ишлаш ёки вақтинчалик яшаш учун рухсатнома олмоқчи бўлган хорижликлар аввало рус тили, Россия тарихи ва Россия қонунчилиги асосларидан имтиҳон топшириши керак. Россия билан биргаликда Беларус, Арманистон, Қозоғистон ва Қирғизистонни ўз ичига олган ЕОИИ мамлакатлари фуқаролари бундай синовдан ўтиш заруратидан озод қилинган. 

Россиянинг 12 та университети ва Москва ҳукуматининг битта ташкилоти чет элликлардан имтиҳонларни қабул қилиши мумкин.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид