Жаҳон | 07:20 / 17.05.2024
3296
3 дақиқада ўқилади

AFP: Россия бир ҳафта ичида Украинада 278 квадрат километр майдонни эгаллаб олди

2022 йил феврал ойида ҳужум бошланганидан бери, ISW ҳисоб-китобларига кўра, Россия 65,3 минг квадрат километр ёки Украина ҳудудининг 12 фоизини эгаллаб олган.

Фото: Picture Alliance

Харкив яқинида ҳужум уюштирган рус қўшинлари бир ҳафта ичида Украина ҳудудининг 278 квадрат километрини эгаллаб олди. Бу баҳони AFP 16 май, пайшанба куни эълон қилди

Қайд этилишича, журналистлар Америка урушни ўрганиш институти (ISW) маълумотларига таянган. Унга кўра, Харкив яқинида 9 майдан 15 майгача бўлган даврдаги ҳужум пайтида Украина ўз ҳудудининг 257 квадрат километрини бой берган. Россия қўшинлари фронтнинг бошқа тармоқларида, хусусан, Украина жанубидаги Работное қишлоғи ҳисобидан жами яна 21 квадрат километрни эгаллаб олди. 

Шундай қилиб, Россия армиясининг бир ҳафта ичида Украинада олдинга силжиши 2022 йил декабридан бери энг муҳим воқеа бўлди, дея таъкидлайди AFP. Ҳаммаси бўлиб, қўшни давлатнинг ҳужуми 2022 йил феврал ойида бошланганидан бери, ISW маълумотларига кўра, Россия 65,3 минг квадрат километр ёки Украина ҳудудининг 12 фоизини эгаллаб олди. Нашрда кўрсатилгандек, Қрим ушбу ҳисоб-китобларда ҳисобга олинмаган. 

Россиянинг Харкив вилоятига ҳужуми 

Россия армияси 10 май куни эрталаб Харкив вилоятига ҳужум бошлади. 16 майга қадар Россия Қуролли кучлари минтақада ўнга яқин аҳоли пунктларини эгаллаб олишга муваффақ бўлди. Улар орасида Вовчанск шимолидаги Плетеневка ва Гатишче, шунингдек, Борисовка, Огурцово, Пилная ва Стрелечя бор. 

14 май куни кечқурун Украина Қуролли кучлари бош штаби Facebook’да Украина бўлинмалари душманнинг ҳужум амалиётлари фонида «ҳарбий хизматчилар ҳаётини сақлаб қолиш учун манёвр қилгани ва янада қулайроқ позицияларга ўтгани» ҳақида ёзди.

16 май куни Россия Мудофаа вазирлиги Telegram’да «Север» кучлар гуруҳи бўлинмалари душман мудофаасига кириб келгани ҳамда Харкив вилояти Дергачи, Липци ва Вовчанск аҳоли пунктлари ҳудудларида «Кракен» ва хорижий легион тузилмалари, 125-мудофаа бригадаси кучи ва техникаси, 15-чегара отряди кучларини мағлубиятга учратгани ҳақида хабар берди.

«Бундан ташқари, Харкив вилоятидаги Старица ва Глубокое аҳоли пунктлари ҳудудларида иккита қарши ҳужум қайтарилди», — дея таъкидлайди Россия мудофаа вазирлиги. 

Ўз навбатида, Харкив вилояти ҳарбий маъмурияти (ВҲМ) раҳбари Олег Синегубов 16 май куни Telegram’да кун бошидан бери Украина қўшинлари бўлинмалари «Пилная - Липци, Лукянци - Слобожанское, Пилная - Слобожанское, Муром - Старица йўналишларида душманнинг тўртта ҳужумини муваффақиятли» қайтарганини ёзди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид