Жаҳон | 07:44 / 17.05.2024
2620
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Россияга КХДРдан қурол етказиб берилгани учун санкциялар киритди

Икки россиялик ва улар билан алоқадор учта компания Россия Федерациясига КХДРдан қурол-яроғ етказиб бериш билан шуғулланади, деб хабар бермоқда АҚШ Молия вазирлиги. Пхенян Москва билан ҳарбий ҳамкорликни рад этади.

Фото: Reuters

АҚШ Молия вазирлиги КХДРдан Россияга қурол-яроғ етказиб беришда иштирок этган икки нафар Россия фуқароси ва уч рус компаниясига қарши санкциялар жорий қилди. Департаментнинг 16 май, пайшанба куни хабар беришича, Рафаэл Газарян ва унга алоқадор компаниялар - «Транс капитал», «Рафорт», шунингдек, Алексей Буднев ва унинг «Технология» компанияси Вашингтон жазо чораларига тортилди.

АҚШ Молия вазирлиги маълумотларига кўра, Газарян Россия расмийлари ва Словакия фуқароси Ашот Мкртичев ўртасида воситачи бўлиб, Пхенян билан Москва учун қурол сотиб олиш бўйича музокаралар олиб борган. Газарян операцияларни амалга ошириш учун «Транс капитал» МЧЖдан фойдаланган. Мкртичев 2023 йил март ойида АҚШнинг санкциялар рўйхатига киритилган. Буднев эса Россия армияси эҳтиёжлари учун Шимолий Кореяда ишлаб чиқарилган ҳарбий алоқа воситаларини Россияга етказиб беришга ёрдам берди, дея таъкидлайди Молия вазирлиги. 

АҚШ Пхенян ва Москва ўртасидаги ҳарбий алоқалар кенгайишига йўл қўймаслик ниятида

Вашингтон қарорлари «Шимолий Кореянинг Россия билан чуқурлашиб бораётган ҳарбий ҳамкорлигига тўсқинлик қилиш истагини акс эттиради», деди молия вазири ўринбосари, терроризмга қарши кураш ва молиявий разведка учун масъул Брайан Нелсон. «Қўшма Штатлар Россияга Украинага қарши уруш олиб бориши учун қурол ва бошқа материаллар етказишга ёрдам беришга уринганларни жавобгарликка тортиш мақсадида чоралар кўришда давом этади», - дея қўшимча қилди у.

Санкциялар Қўшма Штатлардаги мулк ва активларни блоклашни назарда тутади. Бундан ташқари, АҚШдаги жисмоний ва юридик шахсларга санкциялар рўйхатида кўрсатилган шахслар билан бизнес юритиш тақиқланади.

Кимнинг синглиси Россия билан мудофаа соҳасидаги ҳамкорликни рад этяпти

Айни пайтда, Пхенян Москва билан қурол савдосини рад этади. Икки мамлакат ўртасидаги қурол-яроғ битимлари версияси «нохуш қарашлар ва уйдирмаларга тўла» ва «энг бемаъни фараздир», дея Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг синглиси Ким Ё Чжон сўзларидан иқтибос келтирган КХДР марказий ахборот агентлиги. Унинг сўзларига кўра, бундай версияни «душман кучлар» тарқатмоқда. 

Мавзуга оид