Жаҳон | 07:10 / 17.05.2024
3484
3 дақиқада ўқилади

Володимир Зеленский Харкивда бош қўмондонлик йиғилишини ўтказди

Россия қўшинларининг Харкив вилоятига ҳужуми фонида Украина президенти Харкивда бош қўмондонлик йиғилишини ўтказди. Зеленский Харкив вилоятидаги вазият «назорат остида» эканини айтди.

Фото: Reuters

Россия армиясининг Харкив вилоятига ҳужуми фонида Украина президенти Володимир Зеленский 16 май, пайшанба куни Харкивда олий бош қўмондонлик йиғилишини ўтказди. Зеленскийнинг сўзларига кўра, у Украина Қуролли кучлари (УҚК) бош қўмондони Александр Сирский ва тегишли йўналишлар қўмондонларининг ҳисоботини эшитган. «Бугунги кунга келиб Харкив вилоятидаги вазият назорат остида», деди Зеленский ва йўналиш ўта қийинлигича қолаётганини таъкидлади.

Айни пайтда Харкивдан 20 км узоқликда жойлашган Липци қишлоғидан шимолда Россия ва Украина қўшинлари ўртасида жанг кетмоқда. Харкив вилояти шимоли-шарқида, Россия билан чегарага яқин жойлашган Вовчанск шаҳрида ҳам кўча жанглари кузатилган.

Украина Қуролли кучлари бош штаби 16 май куни эрталабки ҳисоботида Россия қўшинларининг «Вовчанск шаҳрига имкон қадар чуқур кириб бориш» режалари барбод бўлганини маълум қилди. Хабарда айтилишича, ҳозир шаҳарнинг шимолий қисмида жанглар кетмоқда.

Вовчанскдаги жанглар

Ўз навбатида, Украина Ички ишлар вазирлиги раҳбари Игор Клименко Россия ҳарбийлари Вовчанск шимолида «тинч аҳолини асирга олаётганини» айтди. Таъкидланишича, маҳаллий аҳолидан бири қочишга уринганида отиб ўлдирилган. Клименконинг сўзларига кўра, Украина полицияси ходимлари Вовчанскда аҳоли эвакуация қилинишини таъминлаб, ишини давом эттирмоқда.

Айни вақтда, Россия Telegram-каналлари Вовчанск шаҳрига кираверишдаги йўл белгисида россиялик ҳарбийлар акс этган видеони жойлаштирди. У аниқ қачон ва қаерда суратга олингани номаълум. Украинанинг DeepState лойиҳаси ўз харитасида Россия ҳарбийлари шаҳарнинг шимолий қисмини, Украина ҳарбийлари эса жанубий қисмини назорат қилишини кўрсатади. Ҳарбий ҳаракатлар шароитида томонларнинг ҳудудий назорат ҳақидаги баёнотларини тезда тасдиқлаш ёки рад этиш мумкин эмас.

Россия қўшинлари томонидан Вовчанск ва Харкив вилоятининг бир қатор бошқа ҳудудларини ўққа тутиш 10 май куни кескин кучайди. Шу куни Россия ҳарбийлари ҳужумга ўтиб, қатор ҳудудларда чегарани кесиб ўтиб, Украина ҳудудидаги чегарадош аҳоли пунктларида мустаҳкам ўрнашиб олишга уринди. 

Ҳужум икки асосий йўналишда - Липци (Харкив) ва Вовчанск томон олиб борилмоқда. Ҳужумнинг кўлами ва унинг мақсадлари ҳали аниқ эмас. Урушни ўрганиш бўйича Америка институтининг фикрича, гап Харкивни эгаллашга уринишдан кўра Белгород вилояти билан чегарада «буфер зона» яратиш ҳақида кетяпти. 

Мавзуга оид