Ўзбекистон | 14:57
740
3 дақиқада ўқилади

Рақобат қўмитаси доминант виза марказларини реестрга киритди

VFS Global Services UBKN ҳамда Vizametric виза марказлари Ўзбекистондаги муайян хизматлар бозорида устун мавқега эга субъектлар дея эътироф этилди. TLScontact эса устун музокара кучига эга деб топилди.

Фото: Shutterstock

Ўзбекистон Рақобат қўмитаси VFS Global ва Vizametric виза марказларини устун мавқега субъектлар қаторига киритди. TLScontact эса устун музокара кучига эга деб эътироф этилди.

Қўмита матбуот хизмати хабарига кўра, рақобат тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлаш доирасида хорижий давлатларга чиқиш учун виза хизматларини кўрсатиш бозори таҳлил қилинган.

Таҳлил натижаларига кўра, “VFS Global Services UBKN” МЧЖ Австрия, Венгрия, Люксембург, Нидерландия, Дания, Белгия, Болгария, Хорватия, Чехия, Эстония, Финландия, Греция, Ирландия, Латвия, Литва, Буюк Британия, Швейцария, Янги Зеландия, Исроил ва Малта давлатларига; “Vizametric” МЧЖ Америка Қўшма Штатларига чиқиш учун виза хизматларини кўрсатиш бўйича устун мавқега эга деб эътироф этилди.

Мазкур қарор “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддасига асосланган. Бу моддага кўра, рақобатчиларга боғлиқ бўлмаган ҳолда фаолият юритиш ва рақобатнинг ҳолатига ҳал қилувчи таъсир кўрсатиш, тегишли бозорга бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг киришини қийинлаштириш ёхуд ушбу бошқа субъектларнинг иқтисодий фаолият эркинлигини бошқача тарзда чеклаш имкониятини берадиган ҳолати устун мавқе ҳисобланади.

“TLS Contact” МЧЖ эса Германия ва Франция давлатларига чиқиш учун виза хизматларини кўрсатиш бўйича устун музокара кучига эга деб эътироф этилди.

“Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг 14-моддасига кўра, устун мавқега эга бўлмаган субъект томонидан битим шартларини, товарлар реализация қилинадиган ҳудудни ва нархни белгилашга бир томонлама таъсир кўрсатиш имкониятининг мавжудлиги устун музокара кучи деб эътироф этилади.

Қонунга асосан, устун мавқега ёки устун музокара кучига эга субъектнинг рақобатни чеклашга, истеъмолчилар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини камситишга олиб келадиган ҳаракатлари устун мавқени ёки устун музокара кучини суиистеъмол қилиш деб эътироф этилади.

Аввалроқ блогер Никита Макаренко Францияга виза олиш учун TLScontact виза марказига ҳужжат топширишдаги бўш навбат вақтини топиш амалда имконсиз бўлиб қолгани ва виза марказида унга телефон ишлатишга рухсат берилмагани каби муаммолар туфайли Рақобат қўмитасига мурожаат қилганди.

Шундан кейин TLScontact компанияси 1 июлдан бошлаб Тошкентдаги виза марказида Францияга қисқа муддатли визалар учун ҳужжат топшириш мақсадида навбатга ёзилишнинг янги тизими жорий этилишини билдириб чиққан эди.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид