Жаҳон | 07:31 / 22.05.2024
1784
3 дақиқада ўқилади

Еврокенгаш Гуржистонга «чет эл агентлари» ҳақидаги қонундан воз кечишни тавсия қилди

Европа кенгашининг Венеция комиссияси Гуржистоннинг «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонунини ўрганиб чиқди ва унинг «асосий камчиликларини» кўрсатди.

Фото: AP

«Қонун орқали демократия учун» Европа комиссияси (Европа кенгашининг Венеция комиссияси) Гуржистон ҳукуматига «Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида»ги қонунни қабул қилишдан воз кечишни «қаттиқ тавсия қилди». Бу ҳақда комиссиянинг 21 май, сешанба куни чоп этилган хулосасида айтилади

Қонуннинг ҳозирги кўринишидаги «асосий камчиликлари» уюшмалар ва сўз эркинлиги, шахсий дахлсизлик ҳуқуқи, жамоат ишларида иштирок этиш ҳуқуқи учун «катта салбий оқибатларга олиб келади», дейилади комиссия хулосасида. 

«Гўёки очиқликни таъминлашга қаратилган қонун хориждан ўз маблағларининг озгина қисмини ҳам оладиган уюшмалар ва оммавий ахборот воситаларини қоралаш, овозини ўчириш ва охир-оқибат тугатиш хавфига олиб келади», деб таъкидлайди Европа Иттифоқи комиссияси. Экспертларнинг фикрича, Гуржистон ҳукуматини танқид қилувчи уюшмалар ва оммавий ахборот воситалари зарар кўради, бу эса мамлакатдаги плюрализм ва демократияга салбий таъсир қилади. 

Ҳужжатда таъкидланишича, Гуржистоннинг амалдаги қонунчилигида ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш ва ҳисобот беришни, шу жумладан молиялаштириш манбалари тўғрисида ҳисоботга мажбурловчи қоидалар мавжуд. Гуржистон қонун чиқарувчилари «мавжуд мажбуриятлар шаффофликни таъминлаш учун нима учун етарли эмаслигини ишончли тушунтира олмади», дея маълум қилди Венеция комиссияси. 

Гуржистон парламенти «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади

14 май куни Гуржистон парламенти «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонун лойиҳасини учинчи ўқишда қабул қилди. Янги қоидага кўра, молиясининг 20 фоиздан кўпроғини хориждан оладиган нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари «чет эл агенти» сифатида рўйхатдан ўтишлари шарт. Танқидчилар фикрича, Россиянинг худди шундай қонунидан кўчирилган қонунга қарши намойишлар апрел ойида ҳукмрон «Гуржистон орзуси» уни парламентга қайта киритганидан сўнг бошланган. Гуржистон президенти Саломе Зурабишвили 18 май куни қонунга вето қўйган, бироқ «Гуржистон орзуси» партияси парламентдаги кўпчилик овоз билан уни четлаб ўтиши мумкин.

2023 йил декабрь ойида Гуржистон Европа Иттифоқига аъзоликка номзод мақомини олди. «Чет эл агентлари» ҳақидаги қонун лойиҳаси Брюсселда бир неча бор танқид қилинган. Бошқалар қаторида Қўшма Штатлар ҳам Гуржистонни йўналишини ўзгартиришга чақирди. Европарламент янги қонун Гуржистоннинг Европа Иттифоқига йўлини ёпиб қўйиши ҳақидаги резолюцияни қабул қилди. Ўз навбатида, Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пер, агар баҳсли қонун қабул қилинса, Вашингтон Гуржистон билан муносабатларини тубдан қайта кўриб чиқиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. 

Мавзуга оид