13:30 / 23.05.2024
7372

Фаластинни тан олган учлик, Исроилда зуғумга учраган журналистлар ва Мўғулистон банкларининг чеклови — кун дайжести

Ўтган кун мобайнида дунёда содир бўлган воқеалар, ҳодисалар ва янгиликлар шарҳи билан одатдагидек кундалик дайжестимизда таништириб ўтамиз.

Ғазодаги вазият

Исроил 22 май куни Ғазо секторининг жанубига авиазарбалар берди. Оқибатида 62 киши ҳалок бўлди. Исроил кучлари асосан Рафаҳ шаҳри марказига фаол ҳужумлар ташкил этган. Шабура аҳоли пунктига эса танклар бостириб кирган.

Вайроналар остида қолиб кетган фуқароларни қидириш давом этаётгани билдирилган. Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги Рафаҳда 138 киши жароҳатланганини маълум қилган.

Исроил ҳаво кучлари шунингдек 22 май куни Ғазо шаҳрига ҳам ҳужум уюштириши оқибатида камида 7 нафар фаластинлик ҳалок бўлгани маълум қилинмоқда.

7 октябрдан бери Ғазога нисбатан Исроил кучлари томонидан қилинаётган агрессия қурбонлари сони 35 минг 709 кишига кетган. 79 минг 990 киши жароҳатланган.

ҲАМАС Исроилни Ғазодаги воқеаларни ёритишда монелик кўрсатаётганликда айблади. Исроил алоқа вазирлиги вакиллари мамлакат жанубидаги Сдерот шаҳрида Associated Press агентлиги журналистларининг асбоб-ускуналарини олиб қўйган, туширилган материалларни хотирадан ўчириб ташлаган. Улар агентлик ходимларини хорижий оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги янги, цензурали қонунни бузганликда айблаган. Агентлик эса исроилликлар қонунни суиистеъмол қилмоқда, деб ҳисобламоқда.

Ўзининг баёнотида ҲАМАС Исроил ҳокимияти томонидан Associated Press асбоб-ускуналарининг тортиб олинишини «матбуот эркинлигига қарши репрессив акция» деб атаган. Ушбу акция «Исроил томонининг Фаластин халқига нисбатан жинояти ва ноқонуний ҳаракатларини жаҳон жамоатчилиги нигоҳидан яширишга уриниш»га қаратилгани таъкидланган.

Воқеа Исроил томонининг Ғазодан жонли эфирни тўхтатиш тўғрисидаги талаби бажарилмаганидан сўнг рўй берган. Исроил алоқа вазирлиги «давлатнинг хавфсизлигига рахна солувчи трансляцияларни чеклаш бўйича чоралар кўришда давом этиши»ни маълум қилган. Исроил томони шунингдек, агентликни тасвирларни Қатарнинг Al-Jazeera телеканалига узатганликда айблаган. Ҳолбуки, Al-Jazeera агентликнинг бутун дунё бўйлаб мингдан зиёд мижозларидан бири саналади.

 

Фаластин тарафдорлари кўпаймоқда

Норвегия, Ирландия ва Испания Фаластин давлатининг мустақиллигини 1967-йилги чегараларда тан олишини эълон қилди. Шундай қилиб, БМТга аъзо 193 та давлат орасида Фаластин мустақиллигини тан олган давлатлар сони 142 тага етди. Европа Иттифоқига аъзо давлатлар орасида Фаластин мустақиллиги тан олган давлатлар сони эса 12 тага етди.

Айни пайтда дунёда Фаластин мустақиллигини тан олмаган давлатлар сони 51 та бўлиб турибди.

Уларнинг орасида, табиийки, Исроил, шунингдек АҚШ, Мексика, Канада, Панама, Буюк Британия, Франция, Италия, Швеция, Германия, Португалия, Нидерландия, Белгия, Финландия, Греция, Хорватия, Словения, Дания, Австрия, Швейцария, Австралия, Янги Зеландия, Жанубий Корея, Япония, Тайван, Мянма, Камерун каби йирик давлатлар бор.

Гарчи собиқ СССР Фаластин мустақиллигини тан олган ва бу тан олиш собиқ иттифоқ тарқалганидан сўнг пайдо бўлган аксарият мустақил давлатларга ҳам ўтган бўлса-да, собиқ иттифоқ таркибида бўлган беш давлат — Латвия, Литва, Эстония, Молдова, Арманистон Фаластин мустақиллигини тан олмаган.

Исроил Норвегия, Ирландия ва Испаниядан ўз элчиларини чақириб олишини эълон қилди. Европанинг уч давлати Фаластин давлатининг мустақиллигини расман тан олгач, Исроил миллий хавфсизлик вазири, ултраўнг миллатчи Итамар Бен-Гвир провокация уюштириб Ал-Ақсо масжидини штурм қилди.

 

Украинага ёрдам

Швеция ҳукумати 2024-2026 йилларда Украинага 7 млрд доллар ҳажмида ҳарбий ёрдам ажратилишини маълум қилди. Тhе Kyiv Independent нашрига кўра, расмий Стокҳолм ушбу лойиҳани 22 май куни расман тасдиқлаган.

Россия Украинага қарши кенг кўламли босқин бошланганидан буён Швеция Киевга 9 млрд доллар маблағ ажратган. Бу маблағлар фуқаролик ва ҳарбий ёрдам тарзида етказиб берилган.

«Украина Россия босқинига қарши курашни давом эттирмоқда. Швеция бу курашда Украинани қанча лозим бўлса шунча қўллаб-қувватлайди», — дейилган Швеция мудофаа ва молия вазирликларининг қўшма баёнотида.

Швеция мудофаа вазири Пал Жонсоннинг айтишича, 2024 йилдан бошлаб Стокҳолмнинг Киевга йиллик ҳарбий ёрдами ҳажми 2,3 млрд доллар атрофида бўлади. Маблағ миқдорини ошириш имкониятлари йўл-йўлакай яна кўриб чиқилаверади.

 

Украинага рухсат бериладими?

13 нафар конгрессманлардан иборат гуруҳ 20 май куни АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остинга хат жўнатиб, Пентагондан Украинага Россия ҳудудидаги нишонларга Америка қуроллари билан зарба беришга рухсат беришни сўрашган.

Конгрессменлар хусусан «маълум бир ҳолатлар»да Россия ҳудудидаги стратегик нишонларга зарба бериш учун Украинага Америка қуролларидан фойдаланишга рухсат беришга чақиришган.

АҚШ Вакиллар палатаси спикери Майк Жонсон Украинага бундай имконият берилишини қўллаб-қувватлаган.

«Менимча, (яъни президент Жо Байден маъмурияти ва Пентагон) Украинага урушни ўзи истаганидек олиб боришларига қўйиб беришлари керак. Украина қуролли кучлари ҳужумни қайтариш имкониятига эга бўлиши лозим. Фикримча, биз саъй-ҳаракатларни микродаражада назорат қилишга уриниб келмоқдамиз, бироқ бу биз учун яхши сиёсат эмас», – деган Жонсон.

АҚШ Сенатидагилар ҳам мудофаа мақсадларида Украинага Россия ҳудудидаги объектларни нишонга олишга рухсат беришга чақиришмоқда.

Америкалик сенатор Жим Риш Украинага ўз мудофааси йўлида Россия ҳудудига Америка қуроллари билан зарба беришга рухсат этилиши лозим, деб ҳисоблашини айтган.

«Украина ўзини ҳимоя қилиш имконига эга бўлиши керак — нуқта! Агар бомбардимончи самолёт Россия ҳудудидан туриб Украина фуқаролари устига ракета учираётган бўлса — Украина уни уриб тушириш имкониятга эга бўлиши шарт», — деган сенатор.

 

Хитойга нисбатан айбловлар

Лондон Хитойни Россияга қурол етказиб беришда айбламоқда.

«Бизда Россия ва Хитой ўртасида қуроллар соҳасида ҳамкорлик борлиги тўғрисида далиллар мавжуд», деди Британия мудофаа вазири Грант Шэппс.

Америка ва Британия разведка хизматлари маълумотларига таяниб, Шэппс қуроллар «аллақачон Хитойдан Россияга оқиб келаётганини» даъво қилди. Бу маълумотлар Пекиннинг Москвага ўз таъсирини мўътадил деб кўрсатишга уринишларига зид, дея қўшимча қилди Британия мудофаа вазири. Унинг сўзларига кўра, Хитой ва Россия Федерацияси ўртасидаги «жуда яқин» муносабатлардан мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 64 фоизга ошгани далолат беради.

Германия канцлери Олаф Шолц Хитойга ташрифи чоғида Хитой ҳукуматини санкцияларни четлаб ўтмасликка ва Москвага қурол етказиб бермасликка чақирган эди. Апрел ойида АҚШ молия вазири Жанет Йеллен Хитой компанияларига товарларни Россияга экспорт қилганликлари учун қаттиқ санкциялар билан таҳдид қилган эди.

Бироқ, Хитой Россияни қўллаб-қувватлашда давом этмоқда. Bloomberg маълумотларига кўра, Пекин Москвани ҳарбий мақсадлар учун геофазовий разведка маълумотлари, шунингдек, ҳарбий саноат учун зарур бўлган микроэлектроника, танклар ишлаб чиқариш учун ускуналар ва ракеталар учун ёнилғи билан таъминлайди.

 

Украина ҳужумларига қарши чоралар

Россия ҳукумати мамлакатдаги нефтни қайта ишлаш заводларини Украина дронларидан ҳимоя қилишнинг «иложи йўқлиги»ни таъкидлади.

Россия бош вазирининг ўринбосари Александр Новакка кўра, ёқилғи энергетика комплекси объектларининг хавфсизлигини таъминлаш тўғрисидаги қонунчиликка кўра, маълум бир хавфсизлик ҳимоя чоралари кўрилади.

«Албатта, ҳужумларни 100 фоиз бартараф этишнинг имкони йўқ, баъзан кузатилаётган ҳолатлар ҳам рўй бериб туради», — деган Новак.

Унинг сўзларига кўра, юз бераётган воқеалардан сўнг Россия энергетика объектлари тезда тикланмоқда, ҳукумат ва компаниялар дронлардан ҳимоя қилиш бўйича турли механизмлар ва ҳимоя технологияларидан фойдаланишмоқда ва бу ишлар доимий режимда амалга оширилмоқда.

«Роснефт», «Лукойл», «Башнефт», «Славнефт» ва «Транснефт» тендерларига эътибор қилинса, сўнгги бир йил ичида Россиянинг бу энергетика компаниялари пилотсиз парвоз қурилмалари ҳужумига қарши турувчи воситалар учун 1 млрд рубл сарфлашган.

Бироқ дронларга қарши милтиқлар, стационар радиоэлектрон аниқлаш ва дронларни бўйсундириш тизимлари, шунингдек тортилган тўрлар нефтни қайта ишлаш заводларининг хавфсизлигини таъминлай олмаган. 

Россияга қарши санкциялар

Кремл «дўстона давлатлар» деб атайдиган мамлакатлар томонидан молиявий қамал кучайишда давом этмоқда. Энди Мўғулистон банклари Хитой, БАА ва Туркиядан сўнг Россия билан ҳисоб-китобларни блоклай бошлади.

Россия расмийларининг билдиришича, Мўғулистон банклари мавжуд санкция режимини бузганлик учун кўриладиган чора — АҚШнинг иккиламчи санкцияларидан чўчимоқда.

2023 йилнинг декабр ойида АҚШ молия вазирлиги Россия ҳарбий саноат комплексига ёрдам берган жаҳондаги исталган банкни АҚШ молия тизимидан узиб қўйишдек қўшимча ваколатларга эга бўлган эди. 

Top