Ўзбекистон | 21:26 / 29.05.2024
6502
5 дақиқада ўқилади

29 майнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган воқеалар ва ҳодисалар

Нархи ошиши кутилаётган автосуғурта, шеърдан берухсат фойдалангани учун судланган Авазбек Олимов, АҚШда тутқунликда ушлаб турилган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари — Ўзбекистонда 29 май куни юз берган муҳим воқеа-ҳодисалар ҳамда янгиликлар шарҳи билан таништирамиз.

Автосуғурта миқдори ошиши мумкин

Суғурта компанияларининг талабларига кўра, транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тарифлари ошиши мумкин.

Бунга 2019 йилда тасдиқланган 56 минг сўмлик суғурта мукофоти миқдори суғурта ташкилотлари учун зарарларни қоплашга етарли бўлмаётгани сабаб сифатида келтирилган.

Шунингдек, 2019 йилдан бошлаб барқарор белгиланган 40 млн сўм суғурта суммаси йўл-транспорт ҳодисаларида жабрланувчиларга етказилган зарарлар бўйича харажатларини етарли даражада қоплашга имкон бермай қолган.

Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги хабарига кўра, сўнгги йилларда суғурта ташкилотлари томонидан суғурта товонлари ўз вақтида тўланмаётгани ҳамда тўланиши мумкин бўлган максимал миқдор автотранспортга етказилган зарарларни қоплашга етарли бўлмаётгани юзасидан шикоятлар сони ортиб боряпти.

Жаҳон банки статистикасига асосан, Ўзбекистонда истеъмол нархи индекси ошган, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 265 фоизга, базавий ҳисоблаш миқдори эса 168 фоизга ўсган. Боз устига, республикамизда белгиланган суғурта пули ва суғурта мукофоти ҳозирда яқин қўшни давлатлар ҳамда чет эл давлатлари билан солиштирганда энг кам кўрсаткични ташкил этади. 

Шоира хонандани судда ютди

Хонанда Авазбек Олимов судда ютқазди. Ундан шоира Маҳлиё Аҳророва фойдасига 170 млн сўм ундириш белгиланди.

Хонанда қўшиқчи шоиранинг “Гўзал ёрим” шеърини унинг рухсатисиз йиллар давомида “Севар ёрим” номи остида куйлаб келгани учун Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судининг 24 майдаги ҳал қилув қарори билан даъвогар фойдасига 150 млн сўм товон пули ва 20 млн сўм маънавий зарар тўлаб берадиган бўлди.

Шунингдек, Авазбек Олимовга “Севар ёрим” қўшиғини ижро этмаслик мажбурияти юклатилган.

Шоира Маҳлиё Аҳророва “Гўзал ёрим” шеъри 2009 йилда ёзилганлиги ва “Сўзи гавҳарим” китобида чоп этилганлиги, хонанда уни 2015 йилдан ҳозирги кунга қадар мунтазам равишда номини ўзгартириб, турли давраларда ижро этиб келганлигини таъкидлаган. 

Америкага ноқонуний йўл олган мигрантлар

2023 йилнинг 1 октябрдан бери АҚШнинг жанубий чегараларини ноқонуний кесиб ўтган қарийб 3 минг нафар ўзбекистонлик ушланган.

Ўтган муддат ичида АҚШнинг жанубий чегараларини 57 минг 200 ноқонуний мигрант кесиб ўтиб, Калифорния штатигача етиб олишга уринган.

Уларнинг аксарият қисмини хитойлик ва ҳиндистонликлар ташкил этади. Шунингдек, Туркия, Мавритания, Ветнам ва Гвения фуқаролари ҳам бор. Ўзбекистонликлар сон жиҳатидан еттинчи ўринда.

Маълумот учун, 2021-2023 йиллар оралиғида Ўзбекистоннинг 13,6 минг нафар фуқароси АҚШга Мексика орқали ноқонуний киришга уринган. Ўзбекистонлик ноқонуний меҳнат муҳожирлари асосан «Ўзбекистон – Туркия/Испания – Боливия – Колумбия – Мексика – АҚШ» йўналиши бўйича Америка Қўшма Штатларига киришга ҳаракат қилган.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси Мексика орқали ноқонуний кирмоқчи бўлган Ўзбекистон фуқаролари эндиликда мамлакатга қўйиб юборилмаслиги ва иммиграция иши ҳал бўлгунича ҳибсда сақланиши ҳақида огоҳлантириш билан чиққан эди. 

Футзал бўйича жаҳон чемпионатида транспорт чегирмалари

Ўзбекистонда шу йил 14 сентябр – 6 октябр оралиғида ўтказиладиган Футзал бўйича жаҳон чемпионати чоғида айрим шахсларга темирйўл чипталарига 50 фоизлик чегирма жорий этилади.

Бу президентнинг “2024 йилги футзал бўйича жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида акс этган.

Қарорга кўра, жаҳон чемпионатида аккредитациядан ўтган шахслар ҳамда ўйин кунлари чипталари мавжуд бўлган шахслар учун жамоат транспортидан (автобус, метро) бепул фойдаланиш имконияти яратилади.

2024 йил июн ва август ойларида жаҳон чемпионати бош соврини – жаҳон кубогини оммага таништириш учун республика бўйлаб Trophy experience футзал тури маршрути ишлаб чиқилади ва амалга оширилади.

Эслатиб ўтамиз, жаҳон чемпионати ўйинлари Тошкентдаги “Ҳумо” муз саройида, шунингдек Бухоро ва Андижон шаҳарларида бўлиб ўтади. 

Хитойликлар Тошкент вилоятида фотоэлектр станция қуради

Тошкент вилоятининг Бўка туманида қуёш электр станцияси қурилади.

2024 йил январида Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Хитойнинг China Datang Overseas Investment компанияси ўртасида 263 мегаватт қувватга эга қуёш электр станциясини ҳамда ҳаво узатиш тармоғини қуриш инвестиция лойиҳаси имзоланган.

Хитойлик инвестор 621 гектар ерда қуёш электр станциясини лойиҳалаштириши, қуриши ҳамда эксплуатация қилиши белгиланган. Дастлабки баҳолаш бўйича жами 150 млн доллар миқдорида тўғридан тўғри хорижий инвестициялар жалб этилиши лозим.

Инвестор ишлаб чиқарилган электр энергияни “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари”га кафолатланган тарзда 25 йил давомида харид қилиш мажбуриятини олади.

Мавзуга оид