Жаҳон | 22:28 / 30.05.2024
6249
3 дақиқада ўқилади

Франция яқин орада Украинага ҳарбий инструкторларни юборади — ОАВ 

Инструкторлар ҳарбий техника, жумладан, Ғарб самолётларини сақлаш учун масъул бўлган жанговар муҳандислар ва техник ходимларни тайёрлайди. 

Фото: AFP

Франция тез орада украиналик аскарларни тайёрлаш учун Украинага ҳарбий инструкторларини юбориши мумкин. Бу ҳақда Reuters агентлигига учта дипломатик манба маълум қилди. 

Уларнинг айтишича, Франция Украинага ҳарбий мутахассисларни юборадиган давлатлар коалициясини тузишга ва унга раҳбарлик қилишга интилмоқда. Ҳаттоки айрим иттифоқчиларнинг бу қарор Россия билан тўғридан-тўғри можарога олиб келиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирларига қарамай. 

Икки дипломатнинг қайд этишича, Франция биринчи навбатда миссия шартларини баҳолаш учун ҳарбий хизматчилардан иборат кичик гуруҳ юборади, шундан сўнг мамлакатга бир неча юз нафар инструктор жўнатилади. Маълумотларга кўра, машғулотларда ҳарбий техника, жумладан, Ғарб самолётларини сақлаш учун масъул бўлган жанговар муҳандислар ва техник ходимларга эътибор қаратилади. 

Агентлик суҳбатдошларига кўра, бундан ташқари, Франция Украинанинг моторли ўқотар бригадасини молиялаштириш, қуроллантириш ва ўқитишни режалаштирмоқда. 

Дипломатлардан бири мамлакатлар бу борада жиддий келишувга эришганини қўшимча қилди. «Кейинги ҳафтада биз бирор нарсани [расмий баёнотлар] кутишимиз мумкин», деди у. Журналистларнинг фикрича, Париж ўз қарорини 6 июн куни Украина президенти Володимир Зеленскийнинг Францияга ташрифи чоғида эълон қилади. 

Le Monde ҳам Украинага инструкторларни юбориш эҳтимоли ҳақида ёзди. Нашр манбаларига кўра, яқин кунларда мамлакатлар ушбу масала бўйича бир қатор маслаҳатлашувлар ўтказади, шунда Зеленскийнинг ташрифи давомида Франция президенти Эммануэл Макрон ушбу ташаббус доирасини аниқ айтиб бериши мумкин. 

Феврал ойи охирида Эммануэл Макрон Европа қўшинларини Украинага юбориш имкониятини тан олди. Шундан сўнг, бир қатор Ғарб давлатлари ва НАТО блоки бундай имкониятни кўриб чиқмаётганини маълум қилди. Кейин Украина расмийлари гап инструкторларни юбориш ҳақида эканини тушунтирди. 

17 май куни АҚШ штаб бошлиқлари қўмитаси раҳбари генерал Чарлз Браун инструкторларнинг жўнатилиши ўзи учун «муқаррар» эканини айтди. Бироқ, энди, Браун сўзларига кўра, бундай қарорлар инструкторлар ҳаётини хавф остига қўяди, бу эса Украинани мамлакатнинг муҳим инфратузилмасидан эмас, балки уларни ҳимоя қилиш учун ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларидан фойдаланишга мажбур қилади. 

Май ойи охирида Украина Қуролли Кучлари бош қўмондони Александр Сирский биринчи француз инструкторларига Украина ўқув марказларига келиш ва «инфратузилма ва шахсий таркиб билан танишиш» имконини берувчи ҳужжатларни имзолаганини айтди. Шундан сўнг Украина Мудофаа вазирлиги Франция ва бошқа давлатлар билан инструкторларни юбориш бўйича музокаралар «ҳали давом этаётганини» маълум қилди. 

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг таъкидлашича, агар НАТО қўшинлари Украинага юборилса, Россия ва ҳарбий алянс ўртасида зиддият муқаррар бўлиб қолади. 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид