07:30 / 31.05.2024
11678

АҚШ собиқ президенти Трамп жиноий ишда айбдор деб топилди

Ню-Йоркдаги ҳакамлар ҳайъати собиқ президент Доналд Трампни 34 та ҳужжатларни қалбакилаштиришда айбдор деб топди. Ҳукм 11 июл куни эълон қилинади.

Фото: Reuters

30 май, пайшанба куни Ню-Йоркдаги ҳакамлар ҳайъати АҚШ тарихида биринчи марта собиқ президент - Доналд Трампга қарши очилган жиноий иш бўйича айблов ҳукми чиқарди. Ўн икки ҳакамлар ҳайъати собиқ президентни Трампнинг 2016 йилги қайта сайланиш кампаниясига таҳдид солган актриса Сторми Дэниэлсга тўловларни яшириш учун бизнес ёзувларини сохталаштиришда айбдор деб топди.

Трамп барча 34 та банд бўйича айбдор деб топилди. У ёзувларни қалбакилаштириш бўйича 34 та ҳолатнинг ҳар бирида тўрт йилгача — жами 136 йилга озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Жазони судя Хуан Мерчан 11 июл куни бўлиб ўтадиган махсус суд мажлисида белгилайди. 

Оқ уй «қонун устуворлигини ҳурмат қилади»

АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти вакили Трампга ҳукм эълон қилинганидан кейин Оқ уй «қонун устуворлигини ҳурмат қилишини» айтди. Жо Байденнинг ўзи 5 ноябр куни бўлиб ўтадиган АҚШ президентлик сайловлари олдидан сайловолди ташвиқоти учун Трампга қарши айблов ҳукмидан фойдаланган: «Доналд Трампни Овал кабинетдан четлаштиришнинг биргина йўли бор: сайлов қутисида», - дейди президент. 

Трамп: Ҳакамлар ҳайъатининг ҳукми - якун эмас

Доналд Трамп суд залини тарк этгач, журналистларга ҳакамлар ҳайъатининг ҳукми «якун эмаслигини» айтди. «Биз курашни давом эттирамиз, охиригача курашамиз ва ғалаба қозонамиз, чунки мамлакатимиз дўзахга айланди», - деди собиқ президент. Ҳукм эълон қилинганидан кўп ўтмай, Трампнинг адвокати Тодд Бланш ҳакамлар ҳайъати қарори устидан шикоят қилишини айтди. 

Трампнинг ҳужжатларни сохталаштиришда айбланиши

4 апрел куни Ню-Йоркдаги Манхэттен суди Доналд Трампни бизнес маълумотларини сохталаштириш ва жиноий тил бириктириш бўйича 34 та бандда айблади. Тергов маълумотларига кўра, 2015 йил августидан 2017 йил декабригача Трамп «эълон қилинишига йўл қўймаслик ва сайлов истиқболларига фойда келтириш мақсадида ўзи ҳақидаги салбий маълумотларни аниқлаш ва «сотиб олиш» йўли билан 2016 йилги президентлик сайловларига таъсир кўрсатиш учун бошқалар билан схемани ташкил қилган». Шу билан бирга, Трамп «бизнес ёзувларига ўнлаб нотўғри ёзувлар киритиш» орқали бу ҳаракатларини яширишга уринган. 

Суд жараёни қандай якунланишидан қатъи назар, Доналд Трамп президентликка номзодини қўйиши мумкин. АҚШ Конституциясида давлат раҳбари лавозимига номзод учун фақат учта талаб мавжуд: у камида 35 ёшда бўлиши, АҚШда туғилган ва у ерда камида 14 йил яшаган бўлиши керак. 

Top