22:05 / 02.06.2024
27517

Ўзбек ёшларининг қўшни давлатларда “ўқиши” – ўз-ўзини алдашми?

ЮНEСКО маълумотларига кўра, Ўзбекистон хорижда ўқиётган талабалари сони бўйича жаҳонда 5-ўринга чиққан. Салкам 110 минг ўзбекистонлик бугун хорижда таълим оляпти. Бу бўйича мамлакатимиз Франция ва АҚШдан ҳам олдинда. Лекин ялтираган ҳар нарса олтин эмас деганларидек, талабаларнинг аксарияти қаерда ва қандай ОТМда ўқиётгани муҳим.

Kun.uz бу масалада УзЖОКУ ректори, профессор Шерзодхон Қудратхўжа ҳамда “Эл-юрт умиди” жамғармаси ижрочи директори ўринбосари Жавоҳир Аҳмедов билан суҳбатлашди.

Таъкидлаш жоизки, қарийб 110 минг нафар талабаларнинг 90 фоизи – қўшни Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, шунингдек, Россия ҳамда Корея Республикасида таълим олади. Қўшни юртлардаги улар танлаган олий таълим муассасалари жаҳон рейтингида эмас. Кореядаги аксарият ёшлар эса тил курси баҳонасида ишлашни мақсад қилиб йўлга чиқмоқда.

Шерзодхон Қудратхўжанинг фикрича, бу ўзини ўзи алдаш. Ўзбекистон таълим борасида қўшниларидан олдинда, орқада эмас. Бундан ташқари, агарда ёшлар қайси ОТМга бораётганини билмаса, уларнинг ота-онаси назоратни кучайтириши керак. Шундай давлатлардаги икки хонали квартираларда очилган олий таълим муассасаларининг дипломи бизда тан олинмайди. Чунки талабгорлар келиб имтиҳон топшириши лозим, улар эса, табиийки, имтиҳондан ўта олмайди. Бу эса коррупцияни гуллатади, охир-оқибат, талабалар ўз-ўзини алдайди, дейди УзЖОКУ ректори.

“Эл-юрт умиди” жамғармаси 2018 йилда қайта ташкил этилгандан кейин рейтинги юқори халқаро ОТМларга талабаларни юборишни кўпайтирган. Лекин умумий ҳисобда “умидчилар”нинг салмоғи анча оз. Талабгорлар эса рад жавобини олганидан, шартлар жуда кўплигидан норози. Жамғарма вакили Жавоҳир Аҳмедов вазиятга муносабат билдирар экан, шартлар ноўрин эмаслигини, мақсад энг мос стипендиатни танлаш эканини билдирди.

Бу – инсон капиталига инвестиция, стипендиатлар нафақат таълим олади, балки дунёдан келган талабалар билан танишади. Бу эса кун келиб Ўзбекистон манфаатлари учун хизмат қилиши лозим. Бундан ташқари, бугун республиканинг чекка қишлоқларидан бўлган ёшлар жамғарма ҳисобидан хорижда – АҚШ, Канада, Германия, Австралия каби давлатларда таълим оляпти, дейди Аҳмедов.

Ректор Қудратхўжанинг фикрича, ўзбек ёшлари қўшни юртлардаги олийгоҳларда контракт арзонлигига учиб, маблағдан келиб чиқиб ҳолда йўналиш ва университет танлаши, ота-онасининг истаги ортидан қувиши, фақат диплом учун ўқиши – бугун ҳам сақланиб қолинаётган иллатлардир. Сифатли таълим эса арзон бўлмайди, дея қўшимча қилди Қудратхўжа.

“Эл-юрт умиди” жамғармаси юборган хориждаги талабалар эса ватанга қайтиб келиши керак. Фонд вакили Аҳмедовга кўра, ҳар бир талаба билан алоқалар маҳкам, график асосида уларнинг ҳолидан хабар олинади, онлайн учрашувлар ўтказилади. Улар келиб қаерда ишини бошлаши эса кетишидан аввал маълум бўлади. Лекин қайтишни истамаётганлар ҳам анчагина. Қудратхўжанинг таъкидлашича, бу нотўғри. Давлат ҳам бир субъект, шартнома тузилдими, унга амал қилиш лозим. Алдов динда ҳам қораланади.

Шоҳрух Мажидов суҳбатлашди.

Top