21:24 / 03.06.2024
6655

3 июннинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган воқеа-ҳодисалар

Газлаштирилмаган ҳудудлар учун 200 киловатт·соатлик ижтимоий норма оширилиши мумкин. Тошкентда вилоятликларни ҳақорат қилган қиз қамалди. Президент маҳаллий йўналишлардаги поезд ва самолёт чипталари сотиладиган ягона платформани ишга туширишни топширди.

3 июн куни Kun.uz'да эълон қилинган энг муҳим маҳаллий янгиликларнинг қисқача шарҳи.

“Хонадонларнинг учдан бирида газ йўқ”

Олий Мажлис депутати Дониёр Ғаниев ҳукуматдан электр энергияси бўйича белгиланган ижтимоий нормани газлаштирилмаган хонадонлар учун оширишни сўради. У парламентда сўзга чиққан бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоровга юзланиб, ҳамма учун тенг ойига 200 киловатт-соатлик ижтимоий нормани белгилашда табиий газ билан таъминланмаган фуқароларнинг ҳолати инобатга олинмаганини айтди.

“Баъзи бир ҳудудлар борки, табиий газ билан таъминланмаган ва улар қиш давомида иситиш учун электрдан фойдаланади. Бу нотўғри, аммо уларда ҳам бошқа танлов йўқ. Уларга қиш мавсумида тўловлар жуда ҳам катта бўлишини ҳозирдан ҳисоблаш мумкин”, – деди Дониёр Ғаниев.

Бош вазир ўринбосарининг ўз жавобида хонадонларнинг учдан бир қисмида табиий газ йўқлигини тан олиб, бу масала устида иш олиб борилишини айтди.

“Тўғри савол қўйилди. Хонадонларнинг учдан бир қисмида табиий газ йўқ. Улар кўмир ва ўтинни бозор нархида олади. Айниқса, ўтинни. Ўзимизнинг кўмирдан маълум миқдорда чекланган нархларда харид қилиш имконияти бор. Тушунишим бўйича, улар газ йўқлиги учун қанақадир ижтимоий ҳимоялаш дастагидан фойдаланмайдими деган мазмундаги савол бўляпти. Бу савол тўғри деб ўйлаймиз. Айниқса қиш пайтида. Ҳозир биз буни ёзиб олиб, бу бўйича шуғулланиб, кейин маслаҳат қилиб, хабарини берамиз”, – деди Жамшид Қўчқоров.

Тошкентда вилоятликларни ҳақорат қилган қиз қамалди

Тошкентнинг Яшнобод туманида яшовчи 21 ёшли қиз шаҳарга бошқа ҳудудлардан келиб яшаётганларни ҳақорат қилгани учун қамоққа олинди. У 2 июн куни танишлари билан Яккасарой туманидаги “Seoul Mun” сайилгоҳига бориб, сайр қилиш асносида қайта-қайта вилоятликларни ҳақоратлаганча селфи видео олган ва бу видеони Instagram'га жойлаган.

Kun.uz манбасига кўра, бу ҳолат бўйича Яккасарой тумани ички ишлар органлари ходимлари қизнинг шахсини аниқлаб, уни маъмурий иш доирасида ҳибсга олишган. Суд қизга 15 сутка маъмурий қамоқ жазосини тайинлади.

Тошкентда кислород етишмовчилиги

Тошкент шаҳри ҳавосида кислород етишмовчилиги кузатилаётган бўлиши мумкин. Иқтимшунос Эркин Абдулаҳадовнинг маълум қилишича, ҳаваскор тадқиқотчилардан бири 29 май куни пойтахтда ҳаво таркибидаги кислород миқдорини ўлчанганда миқдор 19,5 фоиздан пасайиб кетгани, ҳавода азот миқдори сезиларли ортганини аниқлаган.

“Кислород етишмовчилиги кишиларнинг тўйиб ухламаслигида яққол кўринади. Айни кўкламда пойтахтда кислород етишмовчилиги иқлимий омил, сунъий сув объектларининг камлиги сабаб рўй бермоқда. Сунъий сув объектларида хлорелла каби сув ўтларини кўпайтириш вазиятни бирмунча юмшатади”, – дея ёзади иқлимшунос.

Эркин Абдулаҳадовнинг сўзларига кўра, келгусида Ўзбекистоннинг йирик шаҳарларида ҳам Аргентинадаги каби ҳаво таркибидаги карбонат ангидридни ютиб, доимий кислород ишлаб чиқарадиган қурилмалар ўрнатишга эҳтиёж ошиб бораверади.

Туризм соҳаси бўйича селектор

Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида туризм соҳаси бўйича устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда давлат раҳбари маҳаллий йўналишлардаги поезд ва самолётларга чипта топиб бўлмаслигини танқид қилди.

“Сайёҳлар маҳаллий рейсларга самолёт ва поезд учун икки ой уёқда турсин, ярим йил олдин чипта олишда қийинчиликларга дуч келмоқда”, – деди Шавкат Мирзиёев. Президент барча қатновлар ҳақида маълумот ва чипта олиш имконини берадиган ягона онлайн платформани ишга тушириш бўйича топшириқ берди. Бунда чипталарни табақалашган нархда камида 6 ой олдин савдога чиқариш тизими жорий қилинади.

Шавкат Мирзиёев туристларни ўзига тортадиган бирорта ҳам замонавий аквапарк йўқлигини таъкидлаб, аквапарк ва бассейнларни кўпайтириш, кўлларнинг атрофларини лотларга бўлиб, тадбиркорларга таклиф қилиш бўйича топшириқлар берди. Бундан ташқари, парашют билан сакраш ва ҳаво дайвинги каби экстремал туризм объектларини кўпайтириш, тиббиёт туризмини ривожлантириш учун хусусий клиникаларга бюджетдан компенсация тўлаш, Шаҳрисабзга сайёҳлар оқимини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратиш, 10 миллиондан аудиторияси бор камида 50 нафар машҳур тревел блогерлар билан ҳамкорликда ишлаш зарурлиги қайд этилди.

Шунингдек, қўшни давлатлар билан чегарадан ўтишни яна енгил қилиш бўйича музокара ўтказиладиган бўлди.

Ўзбекистонликлар Қатарга ишлашга боради

Қатар Ўзбекистондан ишчи кучи жалб этишни бошлайди. Шу мақсадда мамлакат меҳнат вазири Али бин Самиҳ ал-Марри Тошкентга келди. Музокараларда Ўзбекистондан Қатарга ишчи кучини жалб этиш, уларни тайёрлаш ва уюшган тарзда юбориш масалалари кўриб чиқилди.

Қатар томонининг маълум қилишича, ҳозирда мамлакатда тиббиёт, таълим, IT, маҳсулотларни саноат усулида қайта ишлаш, меҳмонхона хизмати ва ОАВ соҳаларида хорижлик ишчи кучига талаб юқори. Вазир ал-Марри Қатарга хориждан бориб ишловчиларнинг ҳуқуқлари давлат томонидан мустаҳкам ҳимоя қилиниши, хорижлик ишчиларнинг ижтимоий ҳимояси, тиббий суғуртаси, ойлик, транспорт ва яшаш жойлари харажатларини иш берувчи томонидан тўлиқ қоплаш йўлга қўйилганини айтиб ўтган.

Томонлар бу масалада қўшма комиссия тузишга келишиб олди. Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Ўзбекистонда Қатар, Қатарда эса Ўзбекистон элчихонаси очилган, меҳнат ресурслари масаласида ҳамкорлик қилиш бўйича ҳукуматлараро битим имзоланган эди. Шунингдек, кеча, 2 июндан бошлаб Qatar Airways Ўзбекистонга мунтазам қатновларни йўлга қўйди.

Top