21:20 / 05.06.2024
11149

Молдова бош штабининг собиқ бошлиғи Россияга жосуслик қилгани маълум бўлди

The Insider суриштирувига кўра, у рус қўшинлари республикага бостириб киришини таклиф қилганди.

Фото: NATO

Молдова бош штабининг собиқ бошлиғи Игор Горган кўп йиллар мобайнида Россия Бош разведка бошқармаси (ГРУ)нинг ахборот етказиб турувчи информатори бўлган. Бу ҳақда Молдовадаги «Маленкая страна» нашри билан бирга Горганнинг ГРУдаги куратори, полковник Алексей Макаров билан телеграмдаги ёзишмаларини ўрганишга муваффақ бўлган The Insider нашри хабар берди.

Журналистларнинг маълумотига кўра, молдовалик ҳарбий мунтазам равишда россиялик разведкачиларга республикадаги ички сиёсий ҳолат ҳақида ҳисобот бериб турган, шунингдек, Молдовадан Россияга қарши урушда фойдаланиш учун ҳарбий техникалар ва снарядлар сотиб олган Украина мудофаа вазирлиги вакиллари ташрифлари ҳақида гапириб берган.

Игор Горган ким ўзи?

  • The Insider маълумотига кўра, 1991 йилда Игор Горган Новосибирскдаги Олий умумқўшин қўмондонлик билим юртини тамомлаган, кейин Одесса областидаги ҳаво-десант дивизиясида хизмат қилган, кейин эса — Кишинёвда 2-мотопиёдалар бригадаси командири бўлган. 2001 йилда Форт-Ливенвортдаги АҚШ армияси қўмондонлиги ва бош штаб коллежида таҳсил олган. 2003 йилдан НАТОнинг Босния ва Герцеговина, Гуржистон ва Ироқдаги халқаро миссияларида қатнашган. 2013 йилда генерал Горган Молдова бош штабига раҳбарлик қилган, аммо мудофаа вазири билан келишмовчиликдан кейин ишдан кетган. 2019 йилда Игор Додон бошқаруви чоғида у яна бош штаб бошлиғи лавозимини эгаллаган. 2021 йилда эса Молдованинг янги президенти Майя Санду уни истеъфога чиқарган. 2023 йилда Горган БМТнинг Кишинёвдаги қочқинлар масалалари бўйича ваколатхонасига ишга жойлашган.

The Insider нашрининг ҳарбий разведкадаги манбаси тахмин қилишича, Горган 2004 йилдаёқ, НАТОнинг Босния ва Герцеговина, Гуржистон ва Ироқдаги халқаро миссияларида хизмат қилган чоғида ёлланган. Ўшанда у Россиянинг Кишинёвдаги ҳарбий атташеси Вадим Ухналев билан алоқа ўрнатганди. Кейин эса унга кейинги ҳарбий атташе Игор Довбня (2017 йилда уни жосуслик фаолияти учун Молдовадан чиқариб юборишади) куратор бўлади.

2019 йилдан буён Горган полковник Алексей Макаров билан алоқа қилиб келган, у ҳам Россиянинг Кишинёвдаги элчихонасида ҳарбий атташе бўлиб ишлаган. Молдовалик журналистлар бир неча марта Горганни Россиянинг Кишинёвдаги элчихонасида учратишган, шунингдек бир марта Макаров билан махфий учрашганини кўришган.

2022 йил апрелида, Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошланганидан кейин, Горган ва Макаров ўртасидаги ёзишмалар фаоллашган. Хусусан, у кураторига Укроборонэкспорт Молдовадан МиГ-29 русумли олтита самолёт сотиб олишга уринаётгани ва «украинлар уч ҳафтадан буён мудофаа вазирлигига келиб, ҳаммадан артиллерия учун снарядлар сўраётгани» ҳақида айтган.

Шунингдек, The Insider нашри ёзишича, Горган «Макаровга тинимсиз хабар юбориб, Молдовада барча Россия қўшини киришига тайёрлиги»ни билдирган. «Биз зудлик билан мамлакатни барча фашистик чиқиндилардан тозалашимиз даркон!!! Кўпчилик тайёр. Етказинг… Вақти келди. Мен армиядаги бутун вазиятни назоратда ушлаб тураман… Бу ерда, бахтимизга „Азов“ ва бошқа миллатчи тузилмалар йўқ, сиёсатчиларни эса тезда бирёқлик қиламиз», — дея Горганнинг ўз кураторига хабарларидан бирини келтиради журналистлар.

Нашрнинг қайд этишича, Горган Молдова мудофаа вазирлигидан 2021 йилдаёқ бўшатилганига қарамай, унинг вазирликда етарлича одамлари бўлиб, айнан улар махфий маълумотларни етказиб туришган.

2023 йил июлида, россиялик дипломатлар Молдовадан ёппасига чиқариб юборилиши бошланиши арафасида, Горган ГРУдаги кураторига алоқага чиқишни бас қилган ва БМТнинг Кишинёвдаги қочқинлар масалалари бўйича ваколатхонасига (UNHCR-Moldova) ишга жойлашган.

Top