Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги янги сув спорти саройини кўздан кечирди
Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясига қарашли мажмуада профессионал спортчилар ва ҳаваскорлар учун шароит яратилган.
Президент Шавкат Мирзиёев 7 июн куни Тошкентнинг Яккасарой туманида бунёд этилган сув спорти саройини кўздан кечирди.
Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясига қарашли мазкур мажмуа сув спорти ривожланган мамлакатлар тажрибаси асосида қурилгани таъкидланмоқда. Унда ҳам профессионал спортчилар, ҳам ҳаваскорлар учун шароит яратилган.
50 метрли бассейн ва 500 ўринли томошагоҳга эга катта залда халқаро миқёсдаги мусобақалар, терма жамоа ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиш учун шароитлар бор. Кичик ҳавзаларда болалар сув спортини ўрганиши мумкин.
Мажмуада ёшлар, меҳнат жамоалари ва фахрийлар саломатлигини мустаҳкамлаши мумкин. У бир вақтнинг ўзида 100 нафар, бир кунда мингдан зиёд аҳолига хизмат кўрсатиш қувватига эга.
Иккинчи қаватда маъмурият ва мураббийлар хонаси, конференция зали, тренажёр хонаси ҳамда спорт шарҳловчилари учун махсус хоналар жойлашган.
Мажмуа негизида Сув спорти мактаби ташкил этилган. Давлат раҳбари бу ерда ёш спортчиларнинг машғулотларини кузатди.
Бу йил Париж шаҳрида ўтказиладиган ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси тизимидан 13 нафар спортчи лицензия қўлга киритган. Президент мазкур спортчилар ва мураббийлар билан суҳбатлашди.
- Шаҳару қишлоқларда спорт мажмуалари қуриб, уни оммалаштиришга катта эътибор бераямиз. Чунки спорт билан шуғулланган ёшлар кам бўлмайди, соғлом бўлади, болалариниям шундай тарбиялайди. Сиздек профессионал спортчилар бу йўлда ёшларга ҳам ифтихор, ҳам ўрнак бўлади, - деди Шавкат Мирзиёев.
Мавзуга оид
15:05 / 12.11.2024
Тошкент ҳавосини ифлослантириши мумкин бўлган барча объектлар назоратга олинди — ҳокимлик
22:45 / 10.11.2024
Тошкентда «закладчик»ни калтаклаган уч нафар шахс қўлга олинди
10:47 / 08.11.2024
Тошкентда айрим кўчалар ёпилиши ҳақидаги хабарлар рад этилди
16:17 / 07.11.2024