10:42 / 10.06.2024
1633

Белгия бош вазири Александер Де Кроо истеъфога чиқди

Белгия бош вазирининг Open VLD либерал партияси парламентга миллий сайловларда мағлуб бўлди. 

Фото: Getty Images

Белгия бош вазири Александер Де Кроо ўзининг «Очиқ фламанд либераллари ва демократлари» (Open VLD) партияси миллий ва Европа парламенти сайловларида йирик мағлубиятга учрагач, истеъфога чиқишини эълон қилди. Бу ҳақда 10 июн, душанбага ўтар кечаси халқаро ОАВ хабар берди. 

«Биз бу сайловда мағлуб бўлдик. Мен кампаниянинг юзи эдим. Бу биз кутган натижа эмас. Мен жавобгарликни тўлиқ ўз зиммамга оламан», - дея Де Кроонинг француз тилидаги сўзларидан иқтибос келтирмоқда Euronews интернет-нашри. 

«Бу биз учун жуда оғир оқшом бўлди. Мен эртага бош вазирликдан истеъфога чиқаман, аммо либераллар кучли, биз қайтамиз», - дея қўшимча қилди сиёсатчи. Dpa агентлигига кўра, Кроонинг бу баёнот пайтида кўзларида ёш бўлган. 

Қайд этилишича, Александер Де Кроо 10 июн куни Белгия қироли Филиппга ҳукумат раҳбари лавозимини тарк этиш нияти ҳақида хабар беради. Мутахассислар сайлов натижаларидан кейин янги ҳукуматни шакллантириш бўйича шиддатли музокаралар бўлиб ўтишини кутмоқда. 2019 йилги сайловлардан сўнг ҳукмрон коалиция деярли 500 кундан кейин тузилганди. 

Белгияда парламент сайловлари

Белгияда федерал парламентга сайловлар нидерланд тилидаги партиялар овоз берадиган Фландрия ва француз тилидаги партиялар сайланадиган Валлонияда алоҳида ўтказилади. 

Фландриядаги бюллетенларнинг 90 фоиздан ортиғини санаб чиқиш натижаларига кўра, Антверпен мери Барт Де Вевернинг мўътадил ўнг қанот «Янги фламанд алянси» (N-VA) партияси ғалаба қозонди. У, dpa маълумотларига кўра, Тошкент вақти билан соат 6:00 ҳолатига кўра 17 фоиз овоз олди.

Vlaams Belang ўнг радикал партияси (нидерланд тилидан таржимаси: «Фламанд манфаати») 14 фоиз овоз тўплади - 2019 йилдагидан икки фоизга кўп. 

Дастлабки натижаларга кўра, Фландрияда илгари сурилган Де Кроонинг Open VLD партияси сайловларда 5,5 фоиз овоз тўплади, бу 2019 йилги натижадан 3,1 фоизга камдир. Шу билан бирга, Валлонияда либераллар, аксинча, 9,7 фоиз овоз тўплаб, ўз позицияларини мустаҳкамлади, у беш йил аввал эришилган натижадан 2 фоизга юқори. 

Фландрияда социал-демократлар ўз натижасини беш йил аввалги кўрсаткичдан 8,4 фоизгача яхшилаган, яъни у 1,7 фоиз пунктга ошган. Валлонияда улар 2,1 фоиз пунктини йўқотиб, қўллаб-қувватлаш даражаси 7,3 фоизга тушди. Фландрия ва Валлонияда бир вақтда овоз бериш мумкин бўлган ягона ўта сўл Белгия Меҳнат партияси (PTB/PVDA) 9,8 фоиз овоз олди. 

«Яшиллар» иккала провинцияда ҳам мағлубиятга учради. Фландрияда партия 4,7 фоиз (сайловчиларнинг хайрихоҳлик даражаси 1,4 фоиз пунктга пасайган), Валлонияда эса атиги 2,9 фоиз (минус 3,3 фоиз пункти) овоз олган. 

Христиан демократлар Фландриядаги сайловчиларнинг 8,3 фоизи, Валлонияда эса 6,5 фоизи (плюс 2,8 фоиз пункти) томонидан қўллаб-қувватланди. 

Белгияда Европарламентга сайловлар 

Белгияда Европа парламенти сайловлари натижалари асосан миллий парламент сайловларидаги овоз бериш натижаларига мос келди, дея таъкидлайди dpa. 

Белгияда жорий парламент сайловларида 8 миллионга яқин фуқаро овоз бериш ҳуқуқига эга бўлди. Қиролликдаги сайловларда қатнашиш мажбурийдир. Уларда суд томонидан тасдиқланган асосларсиз иштирок этмаслик жаримага олиб келади. 

Top