Жаҳон | 21:40 / 10.06.2024
7398
2 дақиқада ўқилади

ҲАМАС Исроил билан келишувга эришмаса, етакчилари Қатардан чиқариб юборилади — ОАВ

Шунингдек, улар ҳибсга олиниши, активларининг музлатилиши каби хатар билан ҳам юзлашиши мумкин.

Фото: Reuters

Миср ва Қатар агар Исроил билан келишувга эришмаса ҲАМАС гуруҳи етакчиларини Доҳа шаҳридаги бошпанасидан чиқариб юбориш билан таҳдид қилди. Бу Оқ уй кўрсатмаси билан амалга оширилди, деб ёзди The Wall Street Journal.

Шунингдек, улар ҳибсга олиниши, активларининг музлатилиши каби хатар билан ҳам юзлашиши мумкин.

Нашрга кўра, Вашингтоннинг бундай талаби тескари таъсир кўрсатган. ҲАМАС етакчилари ўз шартларига тўғри келмайдиган келишувга рози бўлмаслигини маълум қилди. ҲАМАС етакчиси Исмоил Ҳониянинг айтишича, бир ҳафта олдин АҚШ президенти Жо Байден томонидан эълон қилинган таклиф урушнинг тугашини кафолатламаслиги сабабли қабул қилинмайди.

АҚШ расмийларининг айтишича, улар ўт очишни тўхтатиш бўйича янги таклифга ҳалигача ҲАМАС томонидан жавоб олмаган.

Байденнинг ташаббуси 6 ҳафталик оташкесим, барча гаровга олинганларни озод қилиш, Исроил қўшинларини Ғазодан тўлиқ олиб чиқиб кетиш, фаластинликларни ҳудудга қайтариш ва уни қайта тиклашни ўз ичига олади.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу 42 кун давомида ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиб қўйиши мумкинлигини, ундан сўнг эса ҲАМАС гуруҳига қарши операция давом этишини айтган эди.

2023 йил 7 октябр куни ҲАМАС Исроил ҳудудига бостириб кириб, 1200 одамни ўлдиргани ва 250 нафарга яқин асир олганига жавобан, Исроил армияси Ғазода кенг кўламли ҳарбий операция ўтказмоқда. Исроил ҳужумлари оқибатида 37 минг киши ҳалок бўлган, уларнинг аксарияти тинч аҳоли вакилларидир.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид