Ўзбекистон | 13:13 / 10.06.2024
3153
2 дақиқада ўқилади

Май ойида ҳатто энг иссиқ кунларда ҳам ҳарорат рекорд қийматларга яқинлашмади - «Ўзгидромет»

Ўзбекистонда ўтган май ойида ҳатто энг иссиқ кунларда ҳам ҳарорат ўзининг рекорд қийматларига яқинлашмади, +25…+30 даража атрофида бўлди. Кўплаб ҳудудлар бўйича ой энг нам май ойлари бешлигига кирди.

Фото: Kun.uz

2024 йилнинг май ойида, ҳатто энг иссиқ кунларда ҳам, ҳарорат ўзининг рекорд қийматларига яқинлашмади, деб хабар бермоқда «Ўзгидромет».

Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида ўртача ойлик ҳаво ҳарорати ўртача кўп йиллик қийматларга яқин бўлиб, фақат республиканинг шимоли-ғарбий ҳудудларида меъёрдан 1,5−2 даражага паст бўлди.

Ойнинг катта қисмида кундузги ҳаво ҳарорати +25…+30 атрофида бўлиши кузатилди. Ҳавонинг қисқа муддатга салқинлашиш даврида кундузги ҳарорат +17…+22 даражагача пасайди, айрим иссиқ кунларда ҳаво +34…+37 даражагача, жанубда +38…+39 даражагача исиди.

Республика ҳудудининг катта қисмида кузатувларнинг бутун қатори учун май ойи ҳароратининг мутлақ максимуми +39…+41 даражани, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда +43…+45 даражани ташкил этди.

Тошкентда май ойида энг юқори ҳаво ҳарорати +35 даражани ташкил этди. 

Ўтган май ойида Ўзбекистон ҳудуди бўйича ёғингарчилик тақсимланиши жуда хилма-хил бўлди.

Республика ҳудудининг катта қисмида ёғингарчилик ой давомида меъёрдан 1,3−2,8 марта кўп бўлди. Қорақалпоғистон Республикаси ва Бухоро вилоятида баъзи жойларда — ойлик ёғингарчилик меъёри жуда кам бўлган қурғоқчил ҳудудларда 2024 йилнинг май ойида ёғингарчилик меъёрдан 3−4,6 марта кўп бўлиши кузатилди.

Фарғона водийсининг кўп туманларида, Қизилқумнинг шимолида ва республиканинг энг чекка жанубидаги айрим ҳудудларда меъёрга нисбатан энг кам ёғингарчилик кузатилди.

Республиканинг кўплаб ҳудудлари бўйича 2024 йилнинг май ойи энг нам май ойлари бешлигига кирди.

Баъзи кунларда республика бўйича кучли жала ёмғир ёғди, бунда бир неча соат ичида ойлик меъёрнинг ярмигача ёки ундан кўпроқ ёғингарчилик бўлди. 

Республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида кучли жала ёмғирлар ёғиши ҳисобига сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид