12:02 / 12.06.2024
5070

Полша Россиянинг Украинага зарбалари туфайли жанговар авиацияни шай ҳолатга келтирди

Полша ва иттифоқчиларнинг жанговар самолётлари Россиянинг Украина ғарбий қисмини ўққа тутгани сабабли фаол ҳолатга келтирилган. Кечаси Россия Федерацияси Киевга ҳам ҳужум қилди.

Фото: Wikipedia

Полша ва унинг иттифоқчилари 12 июн, чоршанбага ўтар кечаси Россиянинг Украинани ўққа тутгани сабабли ҳарбий самолётларини ҳавога кўтарди. «Шунга эътибор қаратамизки, мамлакат жануби-шарқий қисмида Полша ва иттифоқчилар самолётлари ҳаво кенгликларида парвозларини бошлаши туфайли шовқин даражаси ошиши мумкин», — дея огоҳлантирди Полша Қуролли кучлари тезкор қўмондонлиги. 

Полша ҳарбийлари Россия узоқ масофага учувчи авиациясининг фаолиятини кузатгани, у қанотли ракеталари ва Shahed дронлари ёрдамида, шу жумладан Украина ғарбида жойлашган нишонларга ҳужумлар уюштиргани ҳақида хабар берди. Уларнинг сўзларига кўра, Россия авиацияси Украина ғарбий қисмида охирги марта бундай фаоллиги 6-7 июн кунлари қайд этилган. 

«Полша ҳаво ҳудуди хавфсизлигини таъминлаш бўйича барча зарур тартиб-қоидалар ишга туширилди, Қуролли кучлар тезкор қўмондонлиги вазиятни доимий равишда кузатиб боряпти», — дейилади хабарда. 

Россия Киевга ракеталар ва дронлар билан ҳужум қилди

Киев шаҳар ҳарбий маъмурияти чоршанбага ўтар кечаси Киевга дронлар ва қанотли ракеталар ёрдамида қўшма ҳаво ҳужуми уюштирилгани ҳақида хабар берди. 

«Душман Ту-95МС стратегик бомбардимончи самолётларидан Х-101/Х-555/Х-55 қанотли ракеталарини учирди. Бу ракеталар Киевга жанубий йўналишдан бир неча тўлқинда кириб келди. Душман ушбу ҳужумни қайтариш вақтида, дастлабки маълумотларга кўра, пойтахтга баллистикани ҳам учирган», — дейилади хабарда. 

Ҳаво ҳужуми тахминан икки соат давом этди. Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари барча ҳаво нишонларини уриб туширди, дея қўшимча қилди шаҳар ҳарбий маъмурияти. Парчаларнинг қулаши натижасида Киевдаги саноат объектида ёнғин содир бўлди ва бир киши жароҳат олди. 

Бундан ташқари, кеча ва эрталаб бутун Украина бўйлаб икки марта ҳаво ҳужуми ҳақида огоҳлантириш эълон қилинди. Эҳтимолий вайронагарчилик кўлами аниқланмоқда. 

Украина Қуролли кучлари Ҳаво кучлари маълумотларига кўра, Россия Федерацияси Украинага ёпирилма ҳужум пайтида 30 та учувчисиз учоқ ва ракеталардан фойдаланган. Улардан 29 таси, жумладан «Кинжал», тўртта Х-101/Х-555 қанотли ракеталари ва барча 24 та учувчисиз учоқ уриб туширилган, дея хабар беради Ҳаво кучлари қўмондонлиги. 

Top