08:34 / 12.06.2024
1790

Столтенберг «Бухарест тўққизлиги»ни қўллаб-қувватлаш давом этишини айтди

«НАТО ҳар бир иттифоқчини ҳимоя қилиш учун куч, ресурслар, имкониятлар ва сиёсий иродага эга», деди алянс бош котиби Ригадаги «Бухарест тўққизлиги» саммитида.

Фото: Alexander Welscher/dpa/picture alliance

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Россиянинг Украинага ҳужуми фонида алянснинг шарқий қанотидаги мамлакатларга яна қўллаб-қувватлов ҳақида ваъда берди. «НАТО ҳар бир иттифоқчини ҳимоя қилиш учун куч, ресурслар, имкониятлар ва сиёсий иродага эга», деди у 11 июн, сешанба куни Ригада НАТОнинг тўққизта Шарқий Европа давлати саммитида («Бухарест тўққизлиги», B9). 

Шимолий Атлантика алянсининг янги аъзолари – Швеция бош вазири Улф Кристерссон ва Финландия президенти Александер Стубб ҳам иштирок этган йиғилиш июл ойида Вашингтонда бўлиб ўтадиган НАТО саммитига тайёргарлик вазифасини ўтади. «Биз Вашингтондаги саммитдан НАТОнинг тийиб туриш ва мудофаа қобилияти янада кучайишини кутаётганимиз ҳақида келишиб олдик», деди Латвия президенти Эдгарс Ринкевичс. Унинг таъкидлашича, маслаҳатлашувлар чоғида Украинани узоқ муддатли қўллаб-қувватлаш масаласи ҳам муҳокама қилинган.

Полша президенти Анжей Дуданинг сўзларига кўра, бугунги кунда НАТО шарқий қаноти алоҳида вазиятда, чунки бу минтақа алянс мамлакатларига қарши эҳтимолий тажовуздан ҳимоя таянчи ва чизиғи ҳисобланади, лекин айни пайтда у энг катта хавфга ҳам дучор бўлмоқда.

НАТОнинг шарқий қанотида ва Столтенберг таъкидлаганидек, «олдинги чизиқ»да жойлашган «Бухарест тўққизлиги» давлатлари Украинанинг энг ашаддий тарафдорларидир. Москва билан яқин алоқаларни давом эттираётган Венгрия бундан мустасно. Ригадаги учрашувда Венгрия ва Словакия бошқалар каби давлат ёки ҳукумат раҳбарлари эмас, балки элчилар даражасида қатнашди. 

B9 гуруҳи Полша ва Руминия ташаббуси билан 2014 йилда Украинанинг Қрим яримороли Россия таркибига қўшилганидан кейин ташкил этилган. Унга Болгария, Венгрия, Полша, Руминия, Словакия, Чехия ва учта Болтиқбўйи давлати - Латвия, Литва ва Эстония киради. 

Top