Жаҳон | 22:44 / 13.06.2024
8475
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистон банкларида Россиядан пул ўтказмалари чекланди

Банкларнинг аксарияти чекловларни вақтинчалик деб атамоқда. Баъзи банклар ҳеч қандай чекловларсиз ишламоқда. 

Фото: РИА Новости

Қирғизистондаги айрим тижорат банклари Россияга ва Россиядан пул ўтказиш жараёнларини қисман тўхтатди. Бу ҳақда «Интерфакс» ёзди. 

Жумладан, Mbank, «Компанион» Банк, РКС Банк, Қирғизистон-Швейцария банки (KSB), Қирғизистонкоммерцбанк, Керемет банки томонидан Россия тўлов тизимларидан фойдаланган ҳолда пул ўтказмалари бўйича турли чекловлар жорий этилди. Ушбу кредит ташкилотларининг аксарияти чекловларни вақтинчалик деб атамоқда. 

Шу билан бирга, Капитал Банк, Халиқ Банк ва Азия Банк рубл билан операциялар, Россияга ва Россиядан пул ўтказмалари бўйича ҳеч қандай чекловлар йўқлигини маълум қилган. 

12 июн куни АҚШ Молия вазирлиги Москва биржаси, Миллий клиринг маркази ва Миллий ҳисоб-китоб депозитарийсини санкциялар рўйхатига киритди. Шу сабабли, 13 июндан бошлаб Москва биржаси АҚШ доллари ва евродаги савдоларни тўхтатганини эълон қилди. 

Санкциялар киритилгандан сўнг, Россия Марказий банки рубл курси энди биржадан ташқари валюта бозоридаги операциялар бўйича банк ҳисоботлари маълумотлари асосида шаклланишини маълум қилди. Регулятор шунингдек, чекловлар Россия банклари филиалларида нақд доллар ва евро сотиб олиш ва сотиш имкониятига ҳеч қандай таъсир кўрсатмаслиги ҳақида хабар берди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид