Ўзбекистон | 09:23 / 14.06.2024
6722
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги 7 та ОТМ Impact Rankings-2024 халқаро рейтингида топ-1000 таликдан жой олди

Рейтингда Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети гендер тенглик кўрсаткичи бўйича дунёда 10-ўринни эгаллади.

Фото: Дунё

Шу йил 10-13 июн кунлари Таиланднинг Бангкок шаҳрида Times Higher Education халқаро рейтинг ташкилоти томонидан БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига бағишланган "Глобал барқарор ривожланиш конгресси" ташкил этилди.

"Дунё" хабарига кўра, конгрессда Times Higher Education халқаро рейтинг ташкилоти томонидан Impact Rankings-2024 натижалари эълон қилинди.

Мазкур рўйхатда Ўзбекистоннинг 53 та олий таълим муассасаси қайд этилган. Улардан Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети (301 – 400-ўрин), Тошкент давлат юридик университети (401–600-ўрин), Ўзбекистон Миллий университети (601–800-ўрин), Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти Миллий тадқиқот университети (601–800-ўрин), Самарқанд давлат университети (801–1000-ўрин), Тошкент давлат техника университети (801–1000-ўрин) ва Тошкент давлат иқтисодиёт университети (801–1000-ўрин) топ-1000 таликдан жой олди. Шунингдек, рейтингда Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети гендер тенглик кўрсаткичи бўйича дунёда 10-ўринни эгаллади.

Ўзбекистон делегацияси ташриф давомида БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларига қаратилган муҳокамалар, олий таълим муассасаларининг халқаро рейтингдаги ўрнини мустаҳкамлаш ҳамда нуфузли хорижий университетлар билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш масалалари бўйича икки томонлама учрашувлар ўтказди.

Мавзуга оид