08:32 / 14.06.2024
13660

Россия флоти кемалари ортидан АҚШ сувости кемаси ҳам Куба қирғоқларига яқинлашди

АҚШнинг атом сувости кемаси портга «одатий» ташрифи доирасида Гуантанамо кўрфазига кирди. Аввалроқ Россиянинг тўртта ҳарбий кемаси Кубага етиб келган эди.

Фото: AP

Россия ҳарбий кемалари Ҳавана портига кирганидан бир кун ўтиб Кариб денгизидаги Кубанинг жануби-шарқий қирғоқларига АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг атом сувости кемаси етиб келди. АҚШ Жанубий қўмондонлиги X ижтимоий тармоғида хабар беришича, USS Helena ҳужумкор сувости кемаси «портга одатий ташрифи доирасида Кубанинг Гуантанамо кўрфазида бўлиб турибди».

Америка сувости кемаси «денгизда миллий хавфсизлик ва глобал хавфсизликни таъминлаш» вазифасини бажармоқда», дейилади баёнотда. Шунингдек, «кеманинг жойлашуви ва транзити аввалроқ режалаштирилгани» айтилади. 

АҚШ Россия кемаларини таҳдид деб ҳисобламаяпти, лекин уларни диққат билан кузатяпти 

Пентагон расмий вакили ўринбосари Сабрина Сингхнинг айтишича, Россия ҳарбий кемалари ташрифи Қўшма Штатлар учун хавф туғдирмайди, бироқ улар ҳаракати диққат билан кузатилмоқда. «Бу ажабланарли эмас. Биз уларнинг портга шунга ўхшаш тарзда кириб келганини аввал ҳам кўрганмиз», деди Сингх 12 июн куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида. 

Россия флоти кемаларининг Кубага келиши 

Россиянинг «Казань» атом сувости кемаси, «Совет Иттифоқи флоти адмирали Горшков» фрегати, «Академик Пашин» ўрта денгиз танкери ва «Николай Чикер» қутқарув буксири Ҳавана портига етиб келди, деб хабар қилди 12 июн куни Россия Мудофаа вазирлиги.

«Совет Иттифоқи флоти адмирали Горшков» фрегати ва «Казань» атом сувости кемаси замонавий юқори аниқликдаги ракета қуроллари, шу жумладан «Циркон» гипертовушли ракеталари, «Калибр» қанотли ракеталари ва «Оникс» кемаларга қарши ракеталарининг ташувчилари ҳисобланади», деб эслатади Россия Мудофаа вазирлиги. 

Top