Жаҳон | 09:01
716
2 дақиқада ўқилади

Кубада яна умуммиллий электр узилиши юз берди

Кубада мамлакатнинг ягона электр тармоғи тўлиқ ишдан чиқди. Ҳукумат электр таъминотини тиклаш ишлари бошланганини маълум қилган бўлса-да, авария сабаблари ҳозирча аниқланмаган. Энергетика тизимидаги навбатдаги узилиш мамлакатда давом этаётган иқтисодий инқироз ва ёнилғи танқислиги фонида содир бўлди.

Фото: AP

Кубанинг давлат электр оператори Unión Eléctrica маълум қилишича, 6 июл куни мамлакатнинг ягона электр тармоғи тўлиқ ишдан чиққан. Ҳозирда мамлакат бўйлаб электр таъминотини босқичма-босқич тиклаш ишлари олиб борилмоқда.

Дастлабки маълумотларга кўра, авария сабаблари ҳали аниқланмаган. Мутахассислар техник носозлик юзасидан текширув ўтказмоқда.

Мамлакатдаги навбатдаги энергетик инқироз АҚШ томонидан Кубага нисбатан иқтисодий ва сиёсий босим кучайтирилган даврга тўғри келди. Куба ҳозирда ички эҳтиёж учун зарур ёқилғининг атиги 40 фоизини мустақил таъминлай олади.

2026 йил январидан буён АҚШ санкциялари туфайли оролга фақат битта Россия танкери орқали нефт етказиб беришга рухсат берилган. Март ойи охирида келтирилган 730 минг баррел нефт захираси май ойига келиб тўлиқ сарфлаб бўлинган.

Шу сабабли мамлакатда электр станциялари учун ёнилғи етишмовчилиги янада кучайган. Май ойида Куба ҳукумати давлат ёнилғи захиралари деярли тугаганини расман маълум қилган эди.

Сўнгги ойларда Куба аҳолиси бир неча бор йирик электр узилишларига дуч келди. Март ойида бутун мамлакат бир неча соат давомида электрсиз қолган бўлса, май ойида оролнинг шарқий ҳудудларида ҳам шунга ўхшаш йирик авариялар кузатилган.

Электр энергиясини тежаш мақсадида мамлакат ҳукумати режали электр ўчириш амалиётини ҳам қўлламоқда. Айрим ҳудудларда электр таъминоти 24 соатгача тўхтатилиши мумкин.

Энергетика ва иқтисодий инқирозни енгиш мақсадида Куба ҳукумати кейинги ойларда мамлакат иқтисодиётида сўнгги 65 йил ичидаги энг йирик ислоҳотларни бошлади. Хусусан, хусусий секторга кенгроқ имконият бериш ва қарийб 200 та бозор ислоҳотини амалга ошириш таклиф қилинган.

Бироқ расмий Ҳавана ва Вашингтон ўртасидаги музокаралар ҳозирча натижа бермаяпти. Халқаро кузатувчиларнинг фикрича, АҚШ маъмурияти иқтисодий ва сиёсий босим орқали Кубадаги амалдаги ҳукуматни алмаштиришга эришишни мақсад қилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид