Ўзбекистон | 20:56 / 14.06.2024
3360
5 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев ва Юн Сок Ёл Ўзбекистон-Корея бизнес форумида иштирок этди

Ўзбекистон ва Жанубий Корея етакчилари бизнес форум доирасида 9,6 миллиард долларлик янги инвестиция лойиҳалари тўплами тайёрланганини қайд этди. 

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёл Ўзбекистон-Корея бизнес форумида иштирок этди. 

Корея томонидан тадбирда SK Group, Lotte Corporation, KOGAS, POSCO, Samsung, LG, Hyundai, KIA, Doosan, BoMI, Эксимбанк, EDCF жамғармаси, Корея тараққиёт банки каби 80 дан ортиқ етакчи компания ва банк-молия институтлари раҳбарлари қатнашди. 

Мирзиёев ўз нутқида Жанубий Корея Ўзбекистоннинг анъанавий ва йирик савдо, инвестиция ва технологик ҳамкорларидан бири эканини таъкидлади. 

Бугунги олий даражадаги музокаралар чоғида етакчилар савдо ва инвестицияларни кўпайтириш чораларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, қўшма лойиҳаларни молиялаштиришнинг замонавий механизмларини жорий этиш, бизнес учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасида келишиб олдилар. 

– Биз замонавий шароитларда ҳамкорликнинг янги моделини яратишга келишиб олдик. Ўзаро муносабатларимизда “Юқори технологик ва инновацион ҳамкорликнинг янги даври” бошланмоқда, – деди Мирзиёев. 

Ўзбекистонда минтақавий юқори технологик хабни ташкил этиш бўйича стратегик дастурни ишлаб чиқишга қарор қилинди. 

Дастур ўта муҳим хомашё ресурслари, ярим ўтказгичлар, кимё, машинасозлик, “ақлли” қишлоқ хўжалиги, инфратузилма ва шаҳарсозлик, “яшил” энергетика каби устувор йўналишларни қамраб олади. 

Мирзиёев сўнгги йилларда Жанубий Корея Ўзбекистон иқтисодиёти ва саноатини модернизация қилишда муҳим ҳамкорга айланганини таъкидлади. 

Бугунги кунда Кореянинг етакчи компаниялари ва банклари билан 5 миллиард долларлик йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. POSCO компанияси билан тўқимачилик кластери, Эксимбанк ва CNT билан кўп тармоқли болалар клиникаси, Shingdong Enercom билан кремнийни қазиб олиш ва қайта ишлаш каби лойиҳалар бу борадаги муваффақиятли шерикликка мисол бўлади. 

Етакчилар бизнес форуми доирасида 9,6 миллиард долларлик янги инвестиция лойиҳалари тўплами тайёрланганини қайд этди. 

Мирзиёев Янги Ўзбекистонда иқтисодиётни либераллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш, хусусий мулк дахлсизлиги ва инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган ислоҳотлар ортга қайтмаслигини алоҳида таъкидлади. 

– Ўзбекистон-Корея ҳамкорлигининг салоҳияти жуда юқори. Бизнинг иқтисодиётларимиз бир-бирини самарали тўлдиришга қодир, – деди у. 

Шу нуқтаи назардан келгуси ҳамкорликнинг устувор йўналишлари белгиланди. 

Аввало, стратегик хомашёни илғор технологиялар асосида чуқур қайта ишлаш ва юқори қийматли маҳсулотларни учинчи давлатларга экспорт қилиш. 

Бу борада муҳим қадам сифатида ўта юпқа мис фолгани биргаликда ишлаб чиқариш бўйича битим имзоланди. Шунингдек, Ўзбекистон-Корея нодир металлар илмий-технологик маркази фаолиятини кенгайтириш ҳам кўзда тутилган. 

Электротехника саноатидаги шериклик доирасида Тошкент вилоятида Марказий Осиёда биринчи яримўтказгичлар кластерини барпо этиш ҳамда электротехника ва техник кремний ишлаб чиқариш бўйича кооперацияни кенгайтириш режалаштирилган. 

Ўзбекистон кимё соҳасида корейс бизнеси билан стратегик шерикликни ривожлантириш ниятида. “Яшил” водород, аммиак ва каучук маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш режалари қўллаб-қувватланди. 

Шунингдек, Эксимбанк ва KOICA кўмагида Кимё технологиялари маркази ташкил этилади. 

Мирзиёев корейс бизнесини машиналарнинг янги моделлари ва бутловчи қисмларини маҳаллийлаштириш жараёнида фаол иштирок этишга чақирди. 

Қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш, аграр тармоққа “ақлли” технологияларни жорий этиш соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришга қизиқиш билдирилди. 

Ўзбекистон Кореянинг инфратузилма ва шаҳарсозлик соҳасидаги илғор тажрибасини ўрганишдан манфаатдор. Бу борада корейс ҳамкорларнинг давлат-хусусий шериклик асосида транспорт инфратузилмасини модернизация қилишдаги иштирокига алоҳида эътибор қаратилди. 

Ўзбекистонга Hyundai Rotem тезюрар поездларини етказиб бериш бўйича келишув имзолангани мамнуният билан қайд этилди. 

Жанубий Корея молиявий институтлари билан ҳамкорликни чуқурлаштириш муҳимлиги таъкидланди. Саммит доирасида ижтимоий ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш бўйича EDCF жамғармаси билан умумий қиймати 2 миллиард долларлик ҳамкорлик дастури имзоланди. 

Мирзиёев корейс ишбилармон доиралари вакилларига Ўзбекистон ҳукумати барча келишувларни ўз вақтида ва самарали амалга оширишда фаол қўллаб-қувватлашини айтди. 

Шу мақсадда қўшма лойиҳаларни мувофиқлаштириш ва илгари суришнинг янги тизими жорий этилиши эълон қилинди.

Мавзуга оид