Жаҳон | 22:58 / 16.06.2024
16580
3 дақиқада ўқилади

Бугун — Оталар куни: бу қандай байрам ва унга ким асос солган?

Бугун бутун дунёда кўпчилигимиз учун нисбатан янги, бироқ тобора оммалашиб бораётган байрам — Оталар куни нишонланмоқда. АҚШда 1910 йилда пайдо бўлган ва 1966 йилдан миллий байрам даражасига чиққан Оталар куни бизда кейинги 5-6 йилда оммалаша бошлади.

Фото: espanarusa.com

АҚШдан қиёс олинган, жаҳоннинг кўпчилик давлатларида байрам қилинадиган ушбу сана айнан 17 июнда эмас, июн ойининг учинчи якшанбасида нишонланади.

АҚШда эса илк марта байрам 1910 йилнинг 19 июнида нишонланган. Байрамнинг ташаббускори Вашингтон штатининг Спокан шаҳрида яшовчи мисс Додд бўлган. У ўз отаси ва унинг сиймосида фарзанд тарбиясида иштирок этаётган Американинг барча меҳрибон оталарига ташаккур билдиришни истаган. Ташаббус бутун Америкада қулоч ёйган.

Байрам асосчисининг отаси Уилям Смартнинг рафиқаси олтинчи фарзандини дунёга келтираётиб, вафот этган. У янги туғилган чақалоқ билан биргаликда яна беш фарзандни бир ўзи катта қилган. Меҳрибон ота Уилям фуқаролик уруши фахрийси бўлиб, фарзандлари билан фермада яшаган.

1966 йилга келиб байрам АҚШда миллий байрамга айланган. Президент Линдон Джонсон июннинг учинчи якшанбасини Оталар куни миллий байрами деб белгилаган. АҚШдаги анъанага кўра, давлат ва оддий фуқаролар бир ўзи ёлғиз фарзанд тарбиялаётган оталар ҳузурига ёрдам кўрсатиш учун ошиқишади.

Вақт ўтиши билан оилавий қадриятларни ҳурмат қилувчи бошқа мамлакатларда ҳам бу байрам нишонлана бошлади.

Нишонлайдиганлар орасида Аргентина, Буюк Британия, Венесуэла, Канада, Ҳиндистон, Мексика, Нидерландия, Сингапур, Туркия, Франция, Швейцария, Япония каби давлатлар бор.

Кўплаб давлатларда оталар куни бошқа санада нишонланади. Масалан Россияда 2021 йилдан буён оталар куни октябр ойининг учинчи якшанбасида нишонланиши белгиланган.

Масалан Италия, Испания ва Португалияда — 19 март, Данияда — 5 май, Жанубий Кореяда — 8 май; Миср, Иордания, Ливан, Сурия каби мусулмон давлатларда — 21 июнда нишонланиши одат тусига кирган.

Собиқ иттифоқ давлатларидан Гуржистонда 2016 йилдан, Украинада эса 2019 йилдан июннинг учинчи якшанбаси оталар куни сифатида нишонламоқда.

Ўзбекистонда 8 март оналар, хотин-қизлар куни сифатида байрам қилиб келинади. Бу кун дам олиш куни бўлиб, оналарни, аёлларни эъзозлаш байрамига айланиб улгурган. Энди секин-аста Оталар куни ҳам оммалашмоқда.

Умуман олганда, оталарни хурсанд қиладиган бу байрамнинг ҳеч бир диний ёки бошқа сиёсий жиҳати йўқ. Шунчаки оилавий байрам, оилабоши бўлмиш оталарни хурсанд қиладиган байрам сифатида, уларни эътироф этиб, табриклаб, совға беришнинг ёмон тарафи йўқ. Аслида, оталаримизни йилда бир эмас, тез-тез хурсанд қилиб туришимиз лозимлигини унутмаган ҳолда, албатта.

 

Мавзуга оид