Жаҳон | 19:40 / 17.06.2024
17071
4 дақиқада ўқилади

Алишер Усмонов UBS Europe банкини судга берди

USM Holdings компанияси асосчиси Алишер Усмонов Франкфурт шаҳри Ер судига UBS Europe SE (собиқ UBS Deutschland AG) банки устидан судга даъво аризаси киритди.

Фото: Sergei Karpukhin / REUTERS

Бу ҳақда «Коммерсантъ» нашрига тадбиркорнинг манфаатларини ҳимоя қилаётган адвокат Штефани Рабенау маълум қилган.

Даъвогарга кўра, 2018–2022 йилларда банк ГФР молиявий ҳокимиятига тадбиркор томонидан гўёки йўл қўйилган шубҳали молиявий операциялар тўғрисида «асосланмаган билдиришномалар серияси»ни жўнатган. Бу эса унга нисбатан «сиёсий томондан мотивлашган суриштирувлар» ўтказилишига сабаб бўлган.

Рабенау хонимнинг аризасида аниқлаштирилишича, UBS банки ГФР бош божхона дирекциясининг молиявий мониторинг бўлимига «ўндан ортиқ, агар қасддан ёлғон дейилмаса, абсурд, асосланмаган билдиришномалар» жўнатган. Уларнинг орасида нақд пуллар ечиш ва ижара тўловларини тўлашда «пул маблағларини ювиш» каби билдиришнома ва гумонлар бўлган. Банк бу ҳолатда ўз гумонларини тасдиқловчи бирорта фактни тақдим этмаган, дея таъкидлайди адвокат.

Бундан ташқари, 2022 йилда UBS’нинг билдиришномалари Германияда Алишер Усмоновга нисбатан суриштирувлар бошланишига сабаб бўлган. Суриштирувлар асносида тергов органлари жаноб Усмоновга тегишли дея «хато хулосага борган» бутун мамлакатдаги объектлар, жумладан, Бавариядаги кўчмас мулк объектларида ва «Дилбар» яхтасида тинтувлар ўтказилган. Бу суриштирув ҳаракатлари ОАВда кенг ёритилган ва бизнесменга қарши санкцияларни чўзиш учун ишлатилган.

«Банк хизматини кўрсатиш ва банк сири тўғрисидаги шартномалар шартларига кўра, UBS мижоз тўғрисидаги маълумотлар махфийлигини бузган, у ҳақида ишончсиз маълумотлар ва таъкидларни тарқатган, шунингдек шахс ҳуқуқлари тўғрисидаги умумий қоидаларни қўпол равишда бузган. Шартнома шартларининг банк томонидан бузилиши молиявий зарарларга ва Алишер Бурҳонович Усмоновнинг нуфузига катта зарар етказган. Моҳиятан, UBS айбсиз шахсни ноқонуний жиноий таъқиб қилишнинг фитначиси ва иштирокчисига айланган ва ўз мижозига санкция қўлланилишига сабаб бўлган»,— дея таъкидлайди Штефани Рабенау.

Бизнесменнинг вакили Петер Гаувайлернинг қўшимча қилишича, етказилган зарар миқдорини ҳозирча баҳолаб бўлмайди ва якуний тархда аниқлаштиришнинг имкони йўқ. Унинг сўзларига кўра, UBS учун оқибатлар «цунами оқибатлари билан тенг бўлиши мумкин».

Алишер Усмонов 2022 йилнинг февралида Европа Иттифоқи санкциялари остига тушган эди. Ўша йилнинг кузида Мюнхен прокуратураси ЕИ томонидан жорий этилган чекловларга терс ўлароқ бизнесмен ўзининг Германиядаги мол-мулкларига қараб туриш учун қўриқлаш фирмасига тўлов қилгани ҳақида баёнот берган эди. Германиянинг турли шаҳарларида бизнесменга тегишли деб қараладиган кўчмас мулк объектларида тинтувлар ўтказилган. 2023 йилнинг май ойида Франкфурт шаҳридаги Ер суди тинтув учун берилган бу ордерлар ноқонуний бўлгани, чунки «ҳеч нарса билан мустаҳкамланмаган фаразлар» асосида берилгани тўғрисида қарор чиқарди. 2024 йилнинг мартида Германияда бизнесменнинг мол-мулкларида ноқонуний тинтувлар ўтказилиши муносабати билан текширувлар бошланди. Бош прокуратура ходими ва катта прокурор иш фигурантларига айланишди. Улар одил судловдан оғиш ва айбсиз инсонни таъқиб қилишда айбланмоқда.

Адвокатларга кўра, Алишер Усмоновнинг UBSга қарши судлашиши мисли кўилмаган кейсга айланади ва Германия банк тизими учун ҳуқуқ ўрнатувчи бўлиши кутилмоқда. Уни Лео Кирхнинг Deutsche Bank’ка қарши судлашишига қиёслашмоқда. Медиамагнат Кирх банк вакиллари уларнинг очиқ баёнотлари Kirch Gruppe’га нисбатан инвесторлар ишончи ўлишига ва компаниянинг банкрот бўлишига сабаб бўлганликда айблаган эди.

Кўп йиллик судлашув 2014 йилнинг бошига келиб ниҳоясига етган. Deutsche Bank бу вақтга келиб вафот этган Лео Кирхнинг ворислари билан келишувга эришган ва уларга 775 миллион евро тўлаб берган. Эътиборлиси шундаки, ўшанда Кирхлар оиласининг вакили бўлган Петер Гаувайлер айни пайтда Алишер Усмоновга ёрдам бермоқда. 

Мавзуга оид