Германияда mpox (маймунчечак номи билан ҳам танилган) вирусининг хавфли Ib варианти билан касалланишнинг бир неча ҳолатлари аниқланган. Шимолий Рейн-Вестфалия федерал ерининг Рёсрат шаҳридаги мактаблардан бири икки нафар ўқувчининг касаллиги туфайли карантинга ёпилди, ундаги қолган мактаб ўқувчилари масофавий таълимга ўтказилди, деб хабар берди dpa агентлиги 16 декабр, душанба куни.

Ушбу икки боладан ташқари, бир оиланинг яна икки аъзоси I тоифадаги Ib mpox вирусини юқтирган. Тахминларга кўра, улардан бири Африкага қилган саёҳатидан касалликни «олиб келган» ва қариндошларига бу касалликни юқтирган. Ҳозир тўрт нафари ҳам карантинда.

Берлиндаги Роберт Кох институти (RKI) немис аҳолиси учун маймунчечакнинг хавфли штамми билан касалланиш хавфини ҳали ҳам «паст» деб баҳолайди. «Mpox'нинг юқиши яқин жисмоний алоқани талаб қилади», дея маълумот берди институт. Шу билан бирга, шифокорлар вазиятни диққат билан кузатиб боришларини ва ўз баҳоларини тузатишга тайёр эканликларини қўшимча қилишди.

Германияда mpox вирусининг Ib варианти билан касалланишнинг биринчи ҳолати октябр ойида Кёлнда қайд этилган. Бемор карантинга олинди. Тахминларга кўра, у Африкага сафари пайтида уни юқтириб олган.