Жаҳон | 22:35 / 19.06.2024
10967
2 дақиқада ўқилади

Тўқаев Украинада қозоғистонлик журналистга уюштирилган суиқасдга изоҳ берди

Қозоғистон президенти Киевда амалга оширилган жиноятни қонунчилик доирасида тергов қилиш шартлигини айтди. 

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев қозоғистонлик журналист Айдос Содиқовга Украина пойтахти Киев шаҳрида уюштирилган суиқасдга муносабат билдирди. 

У Остонадаги тантанали тадбирда айтганидек, Қозоғистон қонун устуворлигини мустаҳкамлаш йўлидан боради. 

«Сиз менинг принципиал позициямни биласиз: мамлакатда қонун ва тартиб ҳукмрон бўлиши керак. Жамиятимиздаги барча низо ва келишмовчиликлар фақат қонунчилик доирасида, амалдаги қонунчилик асосида, асосий халқаро стандартларга мувофиқ ҳал этилиши керак. Кеча Киевда Қозоғистон фуқароси Айдос Содиқовга нисбатан содир этилган жиноятни айнан шу нуқтаи назардан, кўриб чиқиш зарур», деди у. 

Тўқаев дипломатик департамент ва ҳуқуқ-тартибот идораларига ушбу жиддий воқеа юзасидан Украина томонига расмий сўров юборишни топширганини айтди. Агар керак бўлса, Қозоғистон расмийлари ҳақиқатни аниқлашда ёрдам бериш учун терговга қўшилишга тайёр, деб қўшимча қилди у. 

18 июнь куни Киевда Айдос Содиқовга ҳужум қилингани ҳақида хабар тарқалган эди. Украина Миллий полицияси маълумотларига кўра, номаълум шахс тўхтаб турган машинага яқинлашиб, ичидаги Содиқовни ўққа тутган ва қочиб кетган. 

Жабрланувчи шифохонага ётқизилган, унинг аҳволи оғир экани айтилди. Киев полицияси қотилликка уриниш бўйича жиноий иш очди. 

Айдос Содиқов бир неча бор Қозоғистон ҳукуматини танқид қилгани, шунингдек, 2022 йил январидаги намойишларни қўллаб-қувватлагани, шунингдек, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевни россияпарастликда айблаган кескин танқидлари билан танилган. У 2014 йилда қочқин мақомини олган ва Украинага оиласи билан кўчиб ўтган. 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид