Ўзбекистонда бой фуқароларни солиққа тортишнинг алоҳида тизимини яратиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 1 апрел куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида Солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев маълум қилди, дея хабар берди Kun.uz мухбири.

«Агар Ўзбекистон аҳолиси қарийб 38 млн кишини ташкил этса, шундан 18 млн нафардан ортиғи даромадга эга ҳамда солиқ тўлаши керак бўлган аҳоли ҳисобланади. Уларни сегментлаш орқали энг юқори даромадга эга бўлган жисмоний шахслар учун солиқларни тўлаш ва ундириш бўйича алоҳида чора-тадбирлар ишлаб чиққанмиз. Уларнинг тўлиқ базаси яратилиб, бу орқали бирорта жисмоний шахс ўз даромадини солиқдан қочиш мақсадида камайтириш ёки ўзгартиришга йўл қўйилмайдиган тизим бўлади», — деди Мубин Мирзаев.

Унинг қўшимча қилишича, янги электрон тизимни ишлаб чиқиш учун қўмитага тахминан яна бир йил керак бўлиши мумкин. Режалаштирилган тизим нафақат Ўзбекистонда, балки хорижда олинган даромадларни ҳам солиққа тортишни назарда тутади.

Агар Ўзбекистон резиденти чет элда даромад олса, мамлакатда солиқ тўлаши керак бўлади. Норезидентлар билан боғлиқ ҳолатда Солиқ қўмитаси икки томонлама солиққа тортишнинг олдини олиш учун чет элда солиқ тўлашни ҳисобга олади.

Аввалроқ, 2027 йилдан бошлаб санъаткорлардан даромад солиғи мажбурий ундирилиши хабар қилинганди.